Индонезия пойтахти Жакарта ва унга туташ ҳудудларга ёпирилган катта сув тошқинлари тўққиз кишининг ўлимига сабаб бўлди, дея хабар бермоқда «РИА Новости».
Табиий офатларга қарши кураш бўйича миллий агентликдан маълум қилишларича, Янги йил арафасидан бери камида 90 та ҳудудда кучли ёғингарчилик кузатилмоқда, кўплаб дарёлар ўзанидан чиқиб кетган.
PLN давлат электр таъминоти компанияси турли ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида пойтахт зонасидаги табиий офатдан зарар кўрган 724 та ҳудудни электрдан узиб қўйган.
Agence France-Presse’нинг қўшимча қилишича, маҳаллий маъмурият тахминан 13 минг кишини эвакуация қилган, бироқ бунда Жакартанинг йўлдош-шаҳарларидаги аҳоли назарда тутилган.
Умуман, Жакарта агломерациясида 30 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилади.
Табиий офат жамоат транспорти фаолиятини издан чиқаран, бир қатор темир йўллар ёпилган. Тижорий ва ҳарбий самолётларга хизмат кўрсатувчи Ҳалима Перданакусума номидаги аэропортда рейслар бекор қилинган. Бир қатор рейслар пойтахтнинг асосий ҳаво бандаргоҳи — Сукарно Хатта халқаро аэропортига йўналтирилган.