Uzbekistan Airways’нинг «Москва—Тошкент» йўналишида парвоз қилаётган самолётида ўзбекистонлик эркак вафот этди. Бу ҳақда «MK.ru» хабар берди.
Маълум бўлишича, 26 декабрга ўтар кечаси соат тахминан 1:00 ларда Внуково аэпортидан Тошкентга учиб кетган 602-рейс парвози бекор қилиниб, самолёт ортга қайтиши ҳақида хабар келиб тушган.
Бунга самолёт йўловчиларидан бири бўлган 50 ёшли Ўзбекистон фуқаросининг тоби қочгани сабаб бўлган. Самолёт соат 1:10 да аэропортга қўнган, лекин шифокорлар эркакнинг ҳаётини сақлаб қола олмаган.
AviaSpotter Telegram-каналида маълум қилинишича, Тошкентга соат 4:50 да қўниши керак бўлган ушбу рейс соат 10:10 да Москвадан етиб келган.
Эслатиб ўтамиз, декабрь ойининг бошида Бухородан Москвага учаётган рейс йўловчисининг тоби қочганлиги сабабли самолёт Самарага фавқулодда қўнган эди.
Изоҳ (0)