Бугун – 26 декабрь куни, роппа-роса икки соатдан сўнг Ўзбекистонда Қуёш тутилиши кузатилади. Бу табиат ҳодисаси ҳамда уни кузатиш йўллари ҳақида «Дарё» колумнисти, астроном олим Пўлат Тожимуродов ҳикоя қилади.
Барчамизга маълум, Ер Қуёш атрофида, Ой эса Ер атрофида айланади. Ойнинг айланиш орбитаси текислиги Ер орбитаси текислиги билан бир хил эмас, улар бир-бирига бурчак остида жойлашган. Ой билан Қуёш Ернинг бир томонида бўлган пайт Ойга тушган Қуёш нурларининг барчаси Ойнинг «орқа», бизга кўринмайдиган томонидан қайтади, Ой бизга кўринмайди. Бу янги Ойга тўғри келади. Қуёш Ернинг бир томонида, Ой эса қарама-қарши томонида бўлса, Ойга тушган Қуёш нурларининг барчаси Ойнинг бизга қараган томони – «юзи»дан қайтади ва биз тўлин Ойни кузатамиз.
Равшанки, бу ҳодисалар Ой-Ер системасининг турли ҳолатларида рўй бериши мукин. Баъзида шундай тўғри келиб қоладики, янги ва тўлин Ой пайти Қуёш, Ер ва Ой бир тўғри чизиқда жойлашиб қолади. Агар бу тўлин Ой пайти рўй берса, Ой Ернинг соясида қолиб, Ой тутилиши рўй беради. Бу йил июль ойида биз айнан шу ҳодисаниг гувоҳи бўлдик.
Агар бундай жойлашув янги Ой пайти амалга ошса, Ерга Ойнинг сояси тушади ва ўша соя соҳасида Ой Қуёшни тўсиб қўяди. Бу ҳодиса Қуёш тутилиши деб аталади. Ой Ердан анча кичик бўлгани сабабли унинг сояси Ер юзидаги кичик соҳанигина қоплайди, яъни Қуёш тутилиши бутун Ер юзида эмас, фақат айрим ҳудудларда кузатилади.
Бундан ташқари, Ойнинг Ер атрофида айланиш орбитаси айлана эмас, эллипс шаклида. Бунинг ҳисобига Ой баъзан Ерга яқинроқ, баъзан узоқроқ бўлади. Тутилиш Ой нисбатан узоқ пайти рўй берса, Ой Қуёшни тўлиқ тўса олмайди, Қуёш нурларининг бир қисми соя соҳасига етиб келади. Бундай тутилиш пайти Ой атрофида ёруғ гардиш кўриниб туради. Тутилишнинг бу тури ҳалқасимон тутилиш деб айтилади. Ҳатто Ой бизга яқин бўлган пайт ҳам тўла тутилиш фақат соянинг маркази атрофида кузатилади. Чегарага яқин ярим соя ҳудудларда қисман тутилиш кузатилади, бунда Ой Қуёшни тўлиқ тўсмайди, фақатгина унинг маълум қисмини тўсиб ўтиб кетади.
26 декабрь куни рўй берадиган Қуёш тутилиши – ҳалқасимон тутилиш. Унинг тўлиқ фазаси Саудия Арабистони, Индонезия ва Ҳиндистоннинг жанубида кузатилиб, бунда Ой Қуёш сиртининг 96 фоизини тўсади.
Ўзбекистон ҳудудида қисман Қуёш тутилиши кузатилади, энг жанубий нуқта – Термиз шаҳрида у 2 соат 16 дақиқа, Тошкентда 2 соат 6 дақиқа давом этади. Мамлакат ғарбида тутилиш 2 соат 3 дақиқа давом этади, лекин унинг дастлабки қирқ дақиқаси кузатилмайди, чунки Қуёш ҳали горизонтдан кўтарилмаган бўлади.
Тошкентда тутилиш соат 8:00 да бошланиб, максимум фазага 9:00 да етади. Бунда Қуёш диаметрининг 38 фоизи тўсилади. Қуёш бу пайт горизонтдан атиги 10° (тўғри бурчакнинг 1/9 қисми) баландликда бўлади. Атрофингизда баланд бинолар ёки дарахтлар кўп бўлса, бундай баландликдаги Қуёш сизга кўринмаслиги ҳам мумкин.
Қуролланмаган кўз билан буни кўриб бўлмайди. 10:06 да тутилиш тугайди.
Қуёшнинг бунчалик кичик қисми тўсилганини қуролланмаган кўз билан пайқаб бўлмайди. Бунинг учун қорайтирилган шиша ёки пайвандлаш маскаси керак бўлади.
Ёруғлик оқимини кучайтириб берувчи оптик қурилмалар – дурбин ёки телескоплардан Қуёш тутилишини кузатишга уринманг! Бу кўзларингиз учун жуда хавфли. «Телескопдан Қуёшга фақат икки марта қараш мумкин – чап ва ўнг кўз билан» деган ҳазилни эшитгандирсиз? Оптик қурилмалар орқали Қуёшни кузатиш учун уларга махсус Қуёш филтрлари ўрнатиш керак бўлади.
Бу астрономик ҳодисани кузатишга иштиёқингиз бўлса, 26 декабрь куни соат эрталабги 8:00 дан кейин Мирзо Улуғбек мактаби ёнига боринг. У ерда Астрономия институти ходимлари томонидан очиқ кузатув ташкиллаштирилади, ва сиз қисман Қуёш тутилишини кўзингизга зарар етказишдан чўчимай кузата оласиз.
Изоҳ (0)