2020 йилда «Яқин қариндошлар орасида буйрак ва жигар бўлагини трансплантация қилиш тартиби ҳақидаги вақтинчалик низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда, деб хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати.
Унга кўра, трансплантация операцияларини амалга оширишга рухсат берилган давлат тиббиёт муассасалари сонини ошириш, шу жумладан, ҳудудларда ҳам бу амалиётни йўлга қўйиш ҳамда трансплантация қилиш амалиётларида донор бўлувчи шахсларнинг яқин қариндошлари рўйхатига ўзгартириш киритилиб, янада кенгайтирилиши кўзда тутилмоқда. Яъни беморнинг иккинчи, учинчи, тўртинчи даражали қариндошлари ҳам донор бўлиши мумкин.
Маълумот учун, сўнгги икки йил давомида республика ихтисослаштирилган хирургия илмий амалий тиббиёт марказида 230 дан ортиқ буйрак, 5 та жигар, Республика шошилинч тез ёрдам илмий марказида эса 68 та буйрак трансплантацияси операциялари ўтказилиб, жами 300 нафардан зиёд фуқароларимизнинг юқори технологик операциялар учун хориж давлатларига боришининг олди олинди.