8 декабрдан бошлаб АҚШнинг CNBC (Consumer News and Business Channel) телеканали Ўзбекистонга бағишланган олтита фильмни эфирга узатишни бошлади. Бу ҳақда «Ўзбеккино» миллий агентлиги матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Мазкур ҳужжатли фильмларда янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, сўнгги йилларда мамлакатда ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳаларда рўй бераётган ўзгаришлар таниқли хорижий журналистлар талқинида намойиш қилинмоқда.
Мазкур фильмларда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги муносабатлардаги ижобий ўзгаришлар ҳам ўз аксини топган. Фильмлар америкалик машҳур журналист ва телебошловчи Райан Чилкот томонидан суратга олинган. У ушбу фильмларни яратиш учун Ўзбекистон ва Афғонистонга бир неча бор ташриф буюрган.
Яна учта фильм Буюк Британиянинг Imotus кинокомпанияси томонидан CNBC телекомпанияси буюртмасига асосан суратга олинган.
«Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ва «Ўзбеккино» миллий агентлиги билан ҳамкорликда яратилган ушбу фильмлар халқаро ҳамжамиятни Ўзбекистонда юз бераётган янгиланишлар жараёни, шунингдек, Марказий Осиёда кузатилаётган кенг кўламли сиёсий жараёнлар билан яқиндан таништиришда муҳим аҳамиятга эга», – дейди ижодий ҳамкорлардан бири – Belgrave Europe компанияси халқаро алоқалар бўйича мутахассиси Фред Харрисон.
«Бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан танишиш мақсадида дунёнинг турли ҳудудларидан хорижий журналистлар, кинематографлар келаётгани қувонарли ҳол. Биз ҳар доим бунда ташаббусларни қўллаб-қувватлаймиз ва уларга қўлимиздан келгунича ёрдам берамиз», – деди «Ўзбеккино» миллий агентлиги раҳбари Фирдавс Абдухолиқов.
Маълумот учун, CNBC телеканалида Ўзбекистон ҳақидаги фильмлар Вашингтон вақти билан шанба ва якшанба кунлари (14,15, 21, 22, 28 декабрь) 21:15 да, душанба кунлари (16, 23 декабрь) 23:30 да намойиш қилинади.