Нукусда 11 декабрь куни Президент мактабининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги хабар берди.
Мактабнинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгаши Раиси Мусо Ерниязов, Ўзбекистон халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Алишер Саъдуллаев, Ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директори Сарвар Бобохўжаев, ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар, уларнинг ота-оналари иштирок этди.
Маросимда мактабнинг рамзий калити мактаб директорига топширилди ва янги ўқиш кунининг биринчи қўнғироғи чалинди. Мактабнинг дастурий очилиш лентаси кесилди. Шундан сўнг меҳмонлар янги иш бошлаган мактабнинг ўқувчилари учун яратилган шарт-шароитлар ва ўқув жараёнларини кузатди.
Замонавий услубда, жаҳон стандартларига мувофиқ тарзда қурилган мактаб 168 ўринли бўлиб, 2 қаватли ўқув биноси, ошхона, 3 қаватли ётоқхона, хорижлик ўқитувчилар учун 15 ўринли меҳмонхона мавжуд. Ҳар бир синф хонада интерактив доска ва таблолар, Science хоналарида алоҳида лаборатория хоналари мавжуд.
Жорий йилда мазкур мактабнинг 5—10 синфларига ҳужжат топширган 7,5 минг нафардан зиёд ўқувчидан 144 нафари қабул қилинди. Келаси ўқув йилидан бошлаб, ҳар йили 5-синфга 24 нафар ўқувчи қабул қилинади.
Қайд этилишича, Президент мактабида дарслар Кембриж университети экспертлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ўқув режа ва дастурлари асосида олиб борилади. Мактабга 8 нафар хорижий юқори малакали мутахассис ҳамда 23 нафар маҳаллий ўқитувчи жалб қилинган. Улар ҳам халқаро таълим талаблари асосида махсус имтиҳонлар орқали танлаб олинган.
Президент мактабларида ўқув жараёни STEAM – таълим дастури (Science – табиий фанлар, Technology — технологиялар, Engineering — техник ижодкорлик, Art — санъат, Mathematics — математика) бўйича олиб борилади, бу эса иқтидорли ёшларнинг фикрлаш қобилияти, ирода, ижодий салоҳияти, мослашувчанлигини ривожлантиришга имкон беради.
Ушбу йўналишдаги дарслар тўлиқ инглиз тилида олиб борилади. Маҳаллий ўқитувчилар билан бирга Кения, Буюк Британия ва Жанубий Африкадан саккиз нафар мутахассис таклиф этилди. Айни пайтда мактаб STEAM методологияси бўйича дарслик ва ўқув қўлланмалар билан таъминланган.
Президент мактаблари битирувчилари белгиланган тартибда давлат томонидан тасдиқланган шаҳодатнома, аттестат билан бир қаторда халқаро даражадаги тегишли дастур дипломи (International Baccalaureate, Advanced Placement ёки International Advanced Levels)га эга бўлади. Бу хорижий олий ўқув юртларига кириш имконини беради.
Маълумот учун, Президент мактаблари 2019 йилда Тошкент, Наманган ва Хоразм шаҳарларида очилди. 2020 йилда Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида, 2021 йилда Андижон, Навоий, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида қурилиши режалаштирилган.