Андижонда 12 декабрь куни юк поезди вагонлари рельсдан чиқиб кетди, деб хабар бермоқда ИИВ матбуот хизмати.
12 декабрь куни соат 11:10 ларда «Пойтуғ» темир йўл бекати бошлиғи А.Усмоновнинг телефон орқали берган хабарига кўра бугун соат 07:30 ларда Қозоғистондан 13 та ярим очиқ вагонларда «ОООТА Мinirals» МЧЖ номига кўмир маҳсулотлари келтирилган.
«Пойтуғ» темир йўл бекатининг 7-йўлига қўйилган ва кўмир маҳсулотлари тушириб бўлингандан сўнг вагонларнинг ғилдиракларининг тагига темир йўл башмаклари маҳкамланмаганлиги сабабли ушбу ярим очиқ бўш вагонлар паст томонга ҳаракатланиб кетган.
Оқибатда 63080675-сонли ярим очиқ бўш вагон темир йўлнинг чап томонидаги ариққа тушиб кетган ва 60745015-сонли ярим очиқ бўш вагоннинг олди ғилдираклари темир йўл изидан чиқиб кетган.
Қайд этилишича, ҳодиса натижасида тан жароҳати олганлар йўқ, қўшимча суриштирув ишлари олиб борилмоқда.