Маданият вазирлиги Хивадаги маданий ёдгорликка ўрнатилган алюмин ромни олдириб ташлади
Маданият вазирлиги Facebook ижтимоий тармоғида Хивадаги Тош-ҳовли мажмуасига ўрнатилган алюмин ромларнинг тарқалган суратига муносабат билдириб, бу иш билан прокуратура шуғулланишини маълум қилди.
Таъкидланишича, Ичанқалъа музей қўриқхонасидаги мажмуага ўрнатилган алюмин ром Маданият вазирлиги илмий-эксперт кенгашининг рухсатисиз ўрнатилган.
«Маданият вазирлиги томонидан Хива шаҳридаги Ичанқалъа музей қўриқхонаси ҳудидаги Тош-ҳовли мажмуасига ўрнатилган Akfa роми илмий-эксперт кенгашидан рухсат олмасдан ўрнатилгани аниқланди, шу боис бу ҳолат юзасидан далолатнома тузилиб ўрганиб чиқилди ва мавжуд муаммо бартараф этилди. Вазир топшириғи билан ҳужжатлар республика прокуратурасига оширилади, маданий мерос объектларига еказилган зарар учун айбдорлар жавобгарликка тортилади», — дейилади хабарда.
Айни вақтда ромлар олиб ташланган. Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти кенгашининг маданий мерос объектларида олиб бориладиган ҳар қандай таъмирлаш ва тиклаш ишлари бўйича бажариладиган ишлар смета лойиҳалари тақдим этилган ҳолда илмий хулоса олиш белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, Euronews канали 2016 йилда Тош-ҳовли саройи ҳақида ҳикоя қилувчи репортажини бутун дунё бўйлаб эфирга узатган эди.