Туркияда янги қонун кучга кирди. Унга кўра, меҳмонхоналар ҳар бир меҳмонхона хонаси учун белгиланган нархнинг ва барча кўрсатилган хизматлар қийматининг 2 фоизи миқдорида солиқ тўлайди. Бу ҳақда Turizm Guncel хабар берди.
Тўлов барча хусусий меҳмонхоналар, мотеллар, курорт қишлоқлар, пансионатлар, апарт-отеллар, меҳмон уйлари ва кемпингларга татбиқ қилинади. Янги солиқ озиқ-овқат, ичимлик маҳсулотларига, кўнгилочар хизматлар, конференция заллари ва ресторанлар ижарасига нисбатан қўлланилади.
2020 йил давомида имтиёзли 1 фоизли ставка амалда бўлади, кейин эса Туркия президентининг қарорига асосан ставка 0,5 фоиздан 6 фоизгача ўзгариши мумкин.
Қайд этилишича, мазкур солиқ билан бирга, 7,5 фоизли реклама солиғи ҳам амалга киритилган. Меҳмонхоналар маркетинг харажатлари ошишини нархларни ошириш ҳисобигагина қоплаши мумкин бўлади.
2019 йилнинг 10 ойи давомида Туркияга 40,7 миллион хорижий сайёҳ ташриф буюрган бўлиб, ўтган йилга нисбатан ўсиш 14,5 фоизни ташкил қилган.
Изоҳ (0)