3000 метр баландликдаги ингичка поезд йўли. Дунёнинг энг хавфли, унча-мунча йўловчи дераза олдида ўтириб йўлни кузатиб кета олмайдиган поезд йўналишлари ҳақида ҳикоя қиламиз.

Фото: AP

Tren a las Nubes, Аргентина

1932 йилда қурилган ушбу темир йўлнинг номи «Булутлар томон олиб борувчи поезд» маъносини беради. Бундай ном берилиши бежиз эмас. Поезд ҳафтада бир марта Аргентинанинг Салта шаҳридан йўлга чиқади. Йўловчилар 424 километр масофани 16 соатда босиб ўтади. Темир йўл иқтисодий сабабларга кўра барпо этилган, лекин бугунги кунда фақат сайёҳлар учун хизмат кўрсатмоқда. Йўл-йўлакай тамаки майдонлари ва текисликдаги ранчоларни томоша қилиш мумкин. Шунингдек, поездда 29 та кўприк ва 21 туннелдан ўтилади. Улкан темир улов La Polvorilla тоғ тизмасида 4200 метр баландликда ҳаракатланади. Tren a las Nubes дунёда баландлиги бўйича учинчи ўринда турувчи поезд йўли ҳисобланади.

Фото: AP

Оқ довон, Канада ва АҚШни боғловчи Юкон йўналиши

Узунлиги 108 километрни ташкил қилувчи йўналиш Skaguey деб номланувчи улкан саёҳат кемалари Аляска порти ҳамда Каркроссни, шунингдек, Юкон вилоятининг маркази Уайтхорсни боғлаб туради. Ушбу ингичка темир йўлнинг қурилиши Олтин васвасаси даври охирлари яъни 1900 йилда якунига етган. Ушбу ғайриоддий йўл антиқа баландлик-у пастликлари, ўнлаб кўприклар ва қоялар ёқасидаги хавфли бурилишлари билан машҳур. Поездга ўтирган одам музликлар, тоғлар ва шаршараларни томоша қилиб табиатдан завқ олади.

Фото: AP

Nariz del Dyavolo, Эквадор

«Нос Дьяволо» йўли Анд тоғларида Риобамба шаҳри ва Палмирани ўзаро боғлаб туради. Темир йўлнинг узунлиги 80 километрга етади. Бу ерларда поезд жуда секин юради ва туристлар «Вулқонлар манзараси»ни мириқиб томоша қилиши мумкин. Аввал йўловчиларнинг поезд томига чиқишига рухсат этиларди, бироқ энди ушбу хизмат бекор қилинган. Иблис бурни маъносини берувчи поезд йўли Гуякил ва Китони боғлайдиган узун йўлнинг муайян қисми ҳисобланади.

Фото: AP

Жоржтаундаги ҳалқасимон темир йўл, АҚШ

Жоржтаун ҳалқа темир йўлининг узунлиги 5 километрни ташкил этади. Очилганига бир асрдан ортиқ вақт бўлган йўл ҳудуднинг энг диққатга сазовор масканларидан бири дея эътироф қилинади. Поездда Колорадо штатидаги Жоржтаундан қўшни Силвер-Плум шаҳрига етиб олиш мумкин. Ушбу қисқа масофани босиб ўтишда поезд 195 метр баландликка кўтарилиб, йўловчиларни қисқа фурсат бўлса ҳам тоғлар манзарасидан баҳраманд бўлишига шароит яратади. Йўл май ойидан декабрга қадар очиқ бўлади.

Фото: AP

Фламсбана

Норвегиядаги 20 километр узунликдаги темир йўлда Мирдаладан 860 метр пастга Флем портига тушилади. Релслар шу қадар ўзгарувчанки, локомотивлар уларда юрганда беш хил тормоз тизимидан фойдаланишига тўғри келади. Йўналиш давомида поезд 20 та туннелдан ўтади, йўлакларнинг биттаси спирал шаклида. Фламсбана 1 га 18 эгилувчанликка эга дунёдаги энг кескин темир йўллардан бири ҳисобланади. Баъзан майда тошлар ва сув чанги поезд ичигача киради.

Фото: AP

Ўлим йўли, Таиланд

Бангкок ва Мьянмани боғлайдиган ушбу 400 километр узунликдаги йўл қурилишида 90 000 минг нафардан кўпроқ ишчи ва 16 000 минг нафар ҳарбий ҳалок бўлган. Тарихий қурилиш ҳақида «Квай дарёсининг кўприги» ва бош ролни Колин Ферт ижро этган «Қасос» фильмлари яратилган. Ҳозир Канчанабурига борган сайёҳлар ушбу поезд йўналишида сайр қилишни хуш кўради. Поезд тик жарликлар атрофини айланиб, тахтадан қурилган тор йўлли кўприклардан ўтади.

Фото: AP

Камберс ва Толтек, АҚШ

Ушбу йўналишда қатновни амлага оширадиган поездлар АҚШдаги энг баланд довон ҳисобланувчи 3000 метр баландликдаги Кабресда Чама шаҳридан Нью-Мексикога йўловчи ташийди. Поезд кўплаб ҳалқалар, эстакада ва туннеллардан ўтади, сўнгра Толтек дарасига кириб якунда Колорадо штатидаги Антонито вокзалига келади.

Фото: Alamy

«Бернина Экспресс»

Алп тоғларидан ўтувчи энг баланд темир йўл. Маҳаллий инженерларнинг меҳнати самара бериб, «Бернина Экспресс» UNESCO’нинг Бутунжаҳон маданий мерос объектлари рўйхатига кирган. Саёҳатчилар Швейцарияда Кур ва Тирано бўйлаб ажойиб саргузаштларни бошдан кечиради. Йўловчилар ёзда очиқ вагондан туриб атроф-муҳитни мириқиб томоша қилади. Тунеллар, чуқур даралар ва жарликлар жуда кўп.

Фото: AP/Fotolia

Куранда, Австралия

Ушбу йўлнинг қурилиши 1891 йилда якунига етказилган. Темир йўл Кернсдан бошланиб Куранда шаҳригача боради. Поезд 1 соат-у 45 дақиқа ҳаракатланади ва унда кетаётган одам Беррон шаршараси, Коралл денгизи ва бошқа табиат мўъжизаларини томоша қилади. Йўл «Баррон-Горж» миллий боғи ҳудудидан ўтади, шаршаралар атрофи тропик ўрмонлар билан қопланган, йўлдаги туннеллар сони 15 тани ташкил қилади.

Фото: Alamy

Памбан кўприги, Ҳиндистон

Памбан оролидаги Рамешварам шаҳридаги темир йўл Ҳиндистоннинг қитъада жойлашган ҳудудини орол билан бирлаштириб туради. 2 километр узунликдаги 143 та искалага эга кўприк 1914 йилда очилган. Бу ерда ҳам одамлар ажиб манзаранинг гувоҳи бўлади. Рамешварам ҳинд зиёратчилари учун муқаддас шаҳар ҳисобланади.

Фото: AP

Узоқ шимол

Шотландия ичкарисидаги ушбу темир йўл ҳам катта машаққатлар билан қурилган. Қурилиш жараёни ботқоқлик ҳудудида кечгани туфайли вертолётлар ёрдамида материаллар ташилган. Йўл Европадаги энг катта текис ботқоқликдан ва Британия саҳролари ёнидан ўтади. Ёввойи табиатда буғулар, дунлинлар ва бошқа ҳайвонларни кузатиш мумкин.

Фото: Alamy

Ҳиндистон тоғларидаги темир йўллар

Даржилинг – Ҳимолай темир йўли, Калка-Шимла ва Нилгири йўллари Ҳиндистон Британия колонияси бўлган даврда қурилган ва муҳандисликнинг санъат даражасидаги намуналари ҳисобланади. Ҳар бир йўналишда релслар тоғ янбағирларига ётқизилган, баланд тоғлар манзараси эса кишига завқ бағишлайди. Ушбу йўллардан қатнайдиган поездларда қулайликлар деярли йўқ, улар секин ҳаракатланади, лекин атрофнинг бетакрорлиги ушбу нуқсонларни ювиб кетади.

Фото: AP

Бамбук поездлари, Камбожа

Камбожа ҳукумати ниҳоятда содда ва ишончсиз темир йўллар ҳақидаги гап-сўзларга барҳам бериш мақсадида бамбук ва эски деталлардан қурилган ўзига хос поездлар тармоғига асос солган. Ушбу антиқа поездлар соатига 40 километр тезликдан ҳаракатланади ва бир қатновда ўнлаб йўловчиларнинг узоғини яқин қилади. Ёстиқли аравачалар Баттамбангдан бир соатлик йўл ҳисобланган қишлоққа қатнайди. Антиқа транспортнинг биргина ноқулайлиги, иккита улкан арава ўзаро рўбарў келганда йўловчиси камроқ бўлгани одами кўпроқ поездга йўл бериши учун релсдан одамларнинг кучи билан олинади.

Фото: Alamy

Фуникулерлар

Ҳам симли ҳам релсда ҳаракатланувчи транспортга чиқиш учун ҳам жасорат бўлиши зарур. Бу каби йўллар Швейцария, Австрия, Германия, Англия ва Японияда мавжуд. Суратдаги фуникулер Чилининг Валпараисо шаҳарчасида жойлашган.

Фото: AP/Fotolia