Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мамлакатда оналар ва болаларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш, аҳоли репродуктив саломатлигини муҳофазалаш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди, деб хабар беради вазирлик жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 8 ноябрда қабул қилинган «Репродуктив ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар ва болаларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини ошириш ва кўламини янада кенгайтириш тўғрисида»ги қарори соҳа ривожи йўлидаги ишларни янги босқичга кўтаришга замин яратди, дейилади хабарда.

Мазкур қарорга мувофиқ, «2019–2023 йилларда репродуктив ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар ва болаларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини ошириш ва кўламини янада кенгайтиришга йўналтирилган чора-тадбирлар дастури» тасдиқланди.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш кенгаши тузилди. Хусусан, оналар ва болаларга ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни замон талаблари даражасига олиб чиқиш мақсадида мамлакатда учта мутлақо янги тиббиёт марказлари ташкил этилади.

Булар республика ихтисослаштирилган болалар хирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази, республика болалар тиббий реабилитация маркази, республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳузурида Ёрдамчи репродуктив технологиялар марказларидир. Бундан ташқари, илк бор туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларида болалар анестезиология-реанимация ва интенсив терапия бўлимлари ҳамда бемор болаларга тун-у кун шошилинч тиббий ёрдам кўрсатувчи навбатчи врач пости фаолият бошлайди.

«Яна бир янгилик — биринчи марта ушбу соҳага хусусий секторнинг кириб келишига йўл очилди. Яъни ушбу қарор билан хусусий тиббиёт муассасалари учун туғруқни қабул қилиш тиббий фаолият тури билан шуғулланишга рухсат берилди.

Эндиликда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ‘Хавфсиз оналик’ стратегияси талабларига риоя этилишини таъминлай оладиган туғруқ, жонлантириш, чақалоқларни жонлантириш, муддатига етмай туғилган чақалоқларни парвариш қилиш, эндовизуал гинекология бўлимлари, поликлиника, бактериологик ва клиник-биокимё лабораториялари ҳамда юқори малакали тиббиёт ходимлари мавжуд бўлган, шунингдек, соғлиқни сақлаш ва ФҲДЁ органлари ўртасида туғилиш ва ўлим тўғрисида электрон маълумотлар алмашинуви дастурини доимий юритиш шарти билан хусусий тиббиёт муассасалари туғруқ қабул қилиш фаолияти билан шуғулланиши мумкин», — дейилади хабарда.

Изоҳ
Асосий янгиликлар