Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Солиқ кодексининг 164-моддасига асосан корхоналар ҳар чоракнинг биринчи ойи 10-санасигача ушбу чоракда кутилаётган фойдаси ва тўлайдиган фойда солиғи тўғрисидаги маълумотномани рўйхатдан ўтган давлат солиқ инспекциясига тақдим этиши керак. Бу ҳақда ДСҚ матбуот хизмати эслатмоқда.

Фото: Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати

Фото: Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати

Ушбу маълумотномага асосан солиқ базаси миқдори 44,7 миллион сўмдан юқори бўлган хўжалик субъектлари тўлайдиган солиқ суммасининг 1/3 қисмини ҳар ойнинг 10–санасигача аванс тариқасида амалга ошириш мажбуриятига эга.

Бундай мажбурият бугунги кунда республика бўйича 9241 тўловчиларда мавжуд. Ушбу солиқ тўловчиларнинг 8671 таси ёки 94 фоизи мажбуриятларини қонунда белгиланган тарзда ўз муддатида бажариб келмоқда.

Шу билан бирга, 6 фоиз ёки 570 та солиқ тўловчи 2019 йил IV чораги учун фойда солиғи жорий тўлов маълумотномасида солиқ суммасини ўтган чоракларга нисбатан камайтириб кўрсатган ёки умуман кўрсатмаган.

Бу ўз навбатида, ишлаб чиқариш умуман тўхтатилди ёки товарлар реализация қилинмаяпти дегани. Аслида, таҳлилларга кўра, бундай ҳолатлар тасдиғини топмасдан ушбу корхоналар ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Масалан, Андижон вилоятидаги «Водий гавҳари» корхонаси (номи ўзгартирилган) жорий йилнинг II чорагида 170,2 миллион сўм фойда солиғи тўлаган бўлса, III чорак жорий тўловлари (аванс) учун 12,0 миллион сўм тўлаши тўғрисида маълумотнома берган ёки II чоракка нисбатан ўртача 158 миллион сўмга (170—12) кам кўрсатган.

Натижада III чорак учун камайтириб кўрсатилган жорий тўлов суммасининг 1/3 қисмига июль, август ва сентябрь ойлари учун 5,5 миллион сўм пеня ҳисобланди.

Тошкент шаҳридаги «Юксак қурилиш» корхонаси (номи ўзгартирилган) жорий йилнинг II чорагида 215 миллион сўм фойда солиғи тўлаган бўлса, III чорак жорий тўловлари (аванс) учун берган маълумотномасида тўланадиган солиқ суммасини нол кўрсатган.

Натижада III чорак учун жорий тўлов амалга оширилмаганлиги ҳисобига корхонага нисбатан кечиктирилган кунлар учун 7,3 миллион сўм пеня ҳисобланди.

Шу каби корхоналарга солиқ органлари мурожаат қилса, «мен фолбинманми», «нега келгусида оладиган фойдам учун солиқ тўлашим керак» каби асоссиз эътирозларни ҳам билдираётган ҳолатлар мавжуд.

«Ҳурматли солиқ тўловчилар! Ортиқча ҳаражатларни олдини олишингиз учун IV чорак фойда солиғи жорий тўлов маълумотномасини аниқлаштирган ҳолда қайта кўриб чиқишингиз мақсадга мувофиқ бўлади. Шу билан бирга, айрим солиқ органлари томонидан бюджетга муддати келмаган солиқ тўловлари асоссиз талаб қилинаётган бўлса, бундай талабни бажармаслигингиз ва бу тўғрисида Давлат солиқ қўмитасининг Ишонч телефонига (71–244-98-98) зудлик билан мурожаат қилишингизни сўраймиз», — дейилади хабарда.

Изоҳ
Асосий янгиликлар