Жорий йил 21 ноябрь куни Яккасарой туман ИИБга 22 яшар Жоҳар Л.дан номаълум шахслар Malibu автомобили салонидан умумий қиймати 11,2 миллион сўм бўлган шахсий буюмлари ўғирлангани ҳақида мурожаат келиб тушди. Мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг 169-моддаси («Ўғрилик») бўйича жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда ИИББ матбуот хизмати хабар бермоқда.
22 ноябрга ўтар кечаси, соат 3:30 атрофида Шайхонтоҳур туман ички ишлар идораларига 41 ёшли Лазиз А. мурожаат қилди ва Epica автомобилидан шахсий буюм ҳамда ҳужжатлари ўғирланганини билдирди. Ушбу ҳолат бўйича ҳам юқоридаги модда билан жиноий иш қўзғатилди.
Тезкор тадбирлар давомида жиноят-қидирув ходимлари томонидан кузатув камералари ёзувлари ўрганилди ва икки ўғирлик ҳам Cobalt машинасида ҳаракатланган шахслар томонидан амалга оширилгани аниқланди. Кўрилган чоралар натижасида 23 ноябрь куни гумонланувчилар қўлга олинди.
Улар Андижон шаҳрида туғилган 24 яшар Мансур Мансуров, Афзал Лутфиев ва 22 ёшли Хуршидбек Шамшиддинов бўлиб чиқди. Ҳозирда уларнинг шунга ўхшаш бошқа жиноятларга дахлдорлиги текширилмоқда. Фуқаролардан мазкур шахсларнинг қилмишларидан жабрланган бўлсалар ички ишлар идораларига мурожаат этишлари сўралган.
Изоҳ (0)