Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Жорий йилнинг тўққиз ойида Ўзбекистонда хотин-қизлар томонидан содир этилган умумий жиноятлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4361 тадан 2886 тага ёки 33,8 фоизга, жиноятда иштирок этган хотин-қизлар сони эса 4882 нафардан 3254 нафарга ёки  33,3 фоизга камайган. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Хабар берилишича, Тошкентда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва БМТ Тараққиёт дастурининг «Давлат бошқарувида аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги фаоллигини ошириш» қўшма лойиҳаси доирасида зўравонлик ва унинг турлари, аёлларни зўравонликдан ҳимоя қилиш, бу борада аёллар билан ишлашнинг ўзига хос жиҳатлари юзасидан халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда инспекторлар учун семинар-тренинг ўтказилди.

Қайд этилишича, мушкул аҳволга тушган хотин-қизларга ёрдам бериш учун жойларда реабилитация ва мослаштириш марказлари ташкил этилган. Ҳозирда 194 та шундай марказ ишлаб турибди. Ушбу марказларда зўравонликка учраган, оғир вазиятга тушиб қолган, инқироз ҳолатидаги хотин-қизларга зудлик билан ёрдам кўрсатиш мақсадида «1146» ишонч рақами ишга туширилган.

Бу борада республика, вилоят ва туман (шаҳар) ички ишлар органлари тизимида хотин-қизлар билан ишлаш масалалари бўйича 360 та инспектор штати жорий этилди. Улар зиммасига Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази, маҳалла фаоллари, маҳаллалардаги хотин-қизлар билан ишлаш ва улар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш вазифалари юклатилган.

Ҳамкорликдаги тадбирлар давомида 4615 нафар хотин-қизга ишга жойлашишда кўмаклашилган, 4420 нафарига моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилди, 1457 нафарининг даволашга муҳтожлиги аниқланиб, тиббий диспансерларга юборилди, 1457 нафарига шахсини тасдиқловчи ҳужжатни қайта тиклашда амалий ёрдам кўрсатилди, 2723 нафарига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда кўмаклашилди, 1046 нафари таълим муассасаларига қайтарилди.

Шунингдек, 208 нафар аёлнинг «Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари»га юборилиши таъминланди.

Жорий йилнинг тўққиз ойида ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 37,9 фоизга ёки 9925 тадан 6163 тага, жиноятда иштирок этган ёшлар сони 23,4 фоизга ёки 12079 нафардан 9248 нафарга камайган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар