Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти Шофиркон туман судида очиқ суд мажлисида аёлнинг ўзаро жанжал туфайли овсинига тан жароҳати етказгани ҳолати кўриб чиқилди. Бу ҳақда «Дарё»га Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, О.Л. 29 июль куни тахминан соат 16:40 ларда Ғиждувон туманидаги «Хўжаи-Жаҳон» савдо комплекси олд кириш дарвозаси олдида овсини Ф.Н. билан ўзаро келишмовчиликлар натижасида жанжаллашган ва унинг бошига ғишт бўлаги билан қасддан урган.

Оқибатда Ғиждувон туман суд-тиббий экспертиза бўлимининг 2 августдаги хулосасига кўра, унга соғлиғининг қисқа вақт, яъни олти кундан ортиқ, аммо йигирма бир кундан кўп бўлмаган муддатга ёмонлашувига сабаб бўлган енгил шикаст етказилган.

Суд судланувчига нисбатан жазо тайинлашда амалдаги қонун талабларига ва Олий суд Пленуми томонидан берилган тушунтиришларга қатъий амал қилишни лозим топган.

Хусусан, Жиноят кодексининг 7-моддасига кўра, жиноят содир этган шахсга нисбатан у ахлоқан тузалиши ва янги жиноят содир этишининг олдини олиш учун зарур ҳамда етарли бўладиган жазо тайинланиши ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилиши кераклигини инобатга олиб жазо тайинланган.

О.Л. Жиноят кодексининг 109-моддаси (Қасддан баданга енгил шикаст етказиш) 2-қисми билан айбли деб топилган ва унга шу моддага асосан энг кам ойлик иш ҳақининг 25 баравари миқдорида, яъни 5 миллион 68 минг 250 сўм жарима жазоси тайинланган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар