Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятида яшовчи фуқаро Севара Мамаражабованинг мурожаати эълон қилинди.
Мурожаатда фуқаро имтиёзли кредит асосида янги уй олгани, ўзи 1-гуруҳ ногирони экани, касби тикувчи экани, шу уйга тўлаш учун иш билан таъминлашларини илтимос қилиб, туман ҳокимига бир неча маротаба мурожаат қилган бўлса-да натижа бўлмаганини айтади. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати ушбу ҳолат юзасидан баёнот берди.
Қайд этилишича, Қизириқ тумани «Етимқум» МФЙ Ислом Каримов номли кўча 1-уйда яшовчи, 1994 йилда туғилган Севара Мамаражабовага 2018 йилда имтиёзли кредит асосида янги уй-жой берилган бўлиб, унинг бошланғич тўлови туман ҳокимлиги томонидан ҳомийлик асосида тўлиқ тўлаб берилган.
Имтиёзли кредитни босқичма-босқич тўлаб бориши учун фуқарога «Қизириқ пахта тозалаш» АЖ томонидан бир дона тикув машинаси берилиб, касаначи-тикувчи сифатида ишга қабул қилинган.
Аммо кейинчалик ушбу жамият ўз фаолиятини тўхтатганлиги сабабли туман касаба уюшмаси томонидан Севара Мамаражабовага бир дона кир ювиш машинаси олиб берилган. Туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси билан тузилган меҳнат шартномасига мувофиқ фуқаро 2019 йилнинг 26 мартидан 31 декабригача бўлган муддатга касаначи-тикувчи сифтида ишга қабул қилинган.
Изоҳ (0)