Ҳиндистонда «Ал-Қоида» террорчилик ташкилоти етакчиси шарафига Бен Ладен лақабини олган қотил-фил вафот этди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: Hindustan Times

NDTV телеканали хабарига кўра, қутурган фил октябрь ойида қишлоқларнинг бирига ҳужум қилган ва беш нафар одамни янчиб ўлдирган. Фил бир ой давомида қишлоқ аҳолисини қўрқув остида ушлаб турган, одамлар «Бен Ладен» туфайли уйларидан чиқишга ҳам чўчиган. Филни тутиш ишлари ҳафта бошида 11 ноябрь куни ўтказилди. Қўлга тушган ҳайвон Миллий паркга олиб келинди ва у ерда қўлга ўргатила бошланди.

Hindustan Times газетасининг ёзишича, ‘Бен Ладен’ Ассам штатидаги Оранг миллий паркида вафот этган. Округ аҳолиси жониворнинг озодликка чиқарилишига қарши бўлган: улар қотил филнинг яна ўз «ҳунар»ларини бошлашидан қўрққан.

«Фил якшанба куни тонгда ўлик ҳолда топилди. У кеча тунга қадар ўзини яхши ҳис қилаётганди. Жониворнинг нимадан ўлгани танаси ёриб кўрилгач маълум бўлади», — дея интервью берган миллий парк ходими.

Фил қўлга туширилганидан кейин унга янги ‘Кришна’ лақаби берилган. ‘Кришна’ ўлими тафсилотларини аниқлаштирадиган ветеринар филнинг кучли психологик инқироз ҳолатида бўлгани ва тутиш вақтида кичик жароҳат олганлигини маълум қилди.

Ҳиндистонда қутирган филларга ‘Бен Ладен’ лақабини қўйиш 2006 йилда ‘Ал-Қоида’ террорчилик ташкилоти дунё бўйлаб кўплаб терактларни амалга оширган вақтида урфга кирган. Ўтган вақт оралиғида яна бир ‘Бен Ладен’ ўнлаб одамларни ўлдирган ва якунда отиб ташланган.

Статистик маълумотларга кўра, охирги беш йил ичида Ҳиндистонда икки мингдан ортиқ одам филлар ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган. 2011 йилдан бери мамлакатда ҳалок бўлган филлар сони эса 700 та. Филларнинг одамларга ҳужум уюштираётганининг асосий сабаби ёввойи табиатда ўзларига емиш топа олмаётгани билан изоҳланмоқда.

Аввал Таиландда 6 та филнинг сувга чўкиб, Зимбабведа эса 55 та филнинг очлик ва ташналикдан ҳалок бўлгани, Кенияда BBC ҳужжатли фильмларида танилган катта филнинг ўлгани, шунингдек, Шри-Ланкада туристларни сайр қилдирган филнинг кучли чарчоқ сабаб қурбон бўлгани хабар қилинган.