АҚШ ҳукумати Ироқдаги норозилик намойишларидан хавотирда, Вашингтон мамлакатда зўравонликни тўхтатиш ва сайловлар ўтказишни тавсия қилмоқда. Бу ҳақда «ТАСС» хабар берди.
«АҚШ Ироқда норозилик билдираётган халққа, фаол фуқаролар ва ОАВга нисбатан босим ўтказиб, зўравонлик қилинаётганидан, шунингдек, мамлакатда интернетнинг ўчириб қўйилганидан хавотирда. Охири ўлим билан якунланадиган тўқнашувлар, интернетнинг ўчирилишига қарамай Ироқ халқи ўз сўзини айта олди, аҳоли ислоҳотлар ва сайловларни қайта ўтказишни талаб қилмоқда. АҚШ Ироқдаги БМТ миссиясининг ҳукуматни норозилик билдираётган халққа нисбатан зўравонликни тўхтатиши, президент Баҳром Солиҳнинг муддатидан олдин сайловлар ўтказиш ва ислоҳотларни амалга ошириш бўйича берган ваъдасининг устидан чиқиш борасидаги ташаббусини қўллаб-қувватлайди», — дейилган Оқ уй баёнотида.
Инсон ҳуқуқлари бўйича парламент қўмитаси маълумотига кўра Ироқдаги намойишлар вақтида 319 нафар одам, норозилик билдираётган халқ ва хавфсизлик кучлари ходимлари ҳалок бўлган. 15 мингга яқин одам турли даражадаги тан жароҳатлари олган. Аввал Ироқда юз берган портлашда 5 нафар италиялик ҳарбий тан жароҳати олгани хабар қилинганди.
Ироқдаги ҳукуматга қарши намойишлар 1 октябрда бошланган. 2 октябрда Ироқ ҳудудининг 75 фоиз қисмида интернет ўчириб қўйилган ва 11 октябрда қайта ишга туширилганди. Ироқдаги намойишларнинг биринчи босқичида кучишлатар тизим ҳамда халқ ўртасидаги тўқнашувлар натижасида 157 нафар одам: 149 нафар фуқаро ва 8 нафар хавфсизлик хизмати ходимлари ҳалок бўлган, қарийб 3,5 минг одам турли даражадаги тан жароҳатлари олган. Маълум вақт танаффусдан сўнг яна қайта бошланган норозиликларда полиция ҳамда халқ ўртасида кучли тўқнашувлар кузатилмоқда. Намойишчилар вилоятлардаги сиёсий партиялар офислари, маҳаллий ҳокимликлар ва дипломатик ваколатхоналар биноларини ёқишга урингани ва уларнинг айримларига ўт қўйган. 5-ноярбда Бағдодда ва Ироқнинг бошқа вилоятларида мамлакатда давом этаётган норозилик намойишларининг кучайгани сабаб интернет яна ўчириб қўйилди. Al Sumaria телеканали маълумотига кўра, интернетни ўчириб қўйиш Ироқ ҳукуматига 1 миллиард АҚШ долларига тушган.