Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати Самарқанд шаҳридаги мактабнинг хоналари абгор бўлиб ётгани тасвирланган видеога муносабат билдирди.

Фото: Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

«Ижтимоий тармоқлар орқали Самарқанд шаҳар 40-умумий ўрта таълим мактабининг айрим синфхоналаридаги таъмирталаб ҳолат акс этган видео тарқалди.

Ушбу ҳолат вилоят халқ таълими бошқармаси ҳамда Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлими ходимларидан иборат ишчи гуруҳи аъзолари томонидан ўрганилганда айни пайтда 40-умумтаълим мактабида бундай синфхона йўқлиги маълум бўлди», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, 1420 нафар ўқувчи таълим-тарбия олаётган мазкур умумтаълим мактабида 25 та синфхона мавжуд бўлиб, улар 2017 йил июнь ойида тўлиқ таъмирланган. Видео эса бундан уч йил аввал тасвирга олинган.

Ўтган йиллар давомида мактабга вилоятдаги тугатилаётган касб-ҳунар коллежларидан парта ва стол-стуллар олиб келинган. Бу борадаги муаммолар ҳам бартараф этилган.