Тожикистон—Ўзбекистон чегарасида «Ишқобод» чегара постида 6 ноябрь куни теракт содир этилганига қарамай, Ўзбекистоннинг назорат-ўтказиш пункти одатдагидек ишламоқда, деб хабар бермоқда Sputnik Ўзбекистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) Чегара қўшинлари бошқармасига таяниб.

Фото: Sputnik

«Ўзбекистон чегарачилари чоршанба кунидан бошлаб Тожикистон ва Афғонистон билан чегара пунктларини қўриқлашни кучайтирдилар, аммо тожик-ўзбек чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктлари одатдагидек тартибда ишламоқда», — деган МХДҚ вакили.

У, шунингдек, чоршанба кунидан бошлаб Ўзбекистон чегара қўшинлари қўмондонлиги икки давлат чегарасида жойлашган чегара постига ИШИД террорчилик гуруҳи жангарилари томонидан қуролли ҳужум қилингандан кейин тожикистонлик ҳамкасблари билан доимий алоқада эканлигини қўшимча қилган.

Эслатиб ўтамиз, 5 ноябрдан 6 ноябрга ўтар кечаси 20 нафар жангарилар Душанбедан 60 километр узоқликдаги «Ишқобод» постининг «Султонобод» ҳарбий отрядига ҳужум қилгани, тўқнашув натижасида номаълум шахслар чегарчиларнинг автоматларини эгаллаб олгани, хавфсизлик ходимлари ўтказган тезкор махсус ҳарбий операция давомида қуролланган жиноий гуруҳнинг 15 нафар аъзоси йўқ қилингани ва 5 нафар жангари қўлга олингани маълум қилинган.

Жангарилар сўроқ қилинганидан кейин уларнинг Афғонистон ҳудудидан қочиб ўтган ИШИД террорчилари эканлиги аниқланган. Улар Тожикистонга 3 ноябрь куни Афғонистондан Хатлон вилояти орқали кириб келган ва Рудакий туманида 200 километрлик масофани босиб ўтган. Ҳужум уюштирганларнинг барчаси Тожикистон фуқаролари бўлгани, қўлга олинган ва ҳалок бўлганлар орасида аёллар ҳам борлиги хабар қилинди. Кейинчалик Афғонистон ҳукумати вакиллари ИШИД террорчиларининг мамлакат ҳудудидан Тожикистонга ўтиб 6 ноябрда чегара постига ҳужум уюштирганлигини инкор этди.

Тожикистон бош прокуратураси чегара постига уюштирилган ҳужум юзасидан жиноят иши очди.

ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.