7 ноябрь куни Нигерия шимоли-шарқида «Боко Харам» экстремистик гуруҳининг автокарвонга ҳужуми оқибатида 10 нафар ҳарбий ҳалок бўлди ва яна 10 нафар аскар турли даражадаги тан жароҳатлари олди. Бу ҳақда AFP хабар берди.

Фото: Bignewsnetwork

Борно штатининг Дамбоа туманида колонна базага қайтаётган вақтида ҳужумга учраган.

«Террорчиларга қарши аёвсиз жангда 10 нафар ҳарбий ҳалок бўлди. Жангарилар миналаштирилган ҳудудда операция ўтказаётган ҳарбийларга автомобиль йўлида тузоқ қўйган», – дея агентликка маълумот берган исмини ошкор этмаган Нигерия зобити. У 12 нафар ҳарбийнинг бедарак йўқолганини ҳам маълум қилган.

Фото: AFP

Жангарилар бешта ҳарбий автомобилни ёқиб юборган, олтита пулемётга эга пикапни ўғирлаб кетган.

Бир соат давом этган тўқнашув оқибатида 10 нафар ҳарбий ҳалок бўлган. «Боко Харам» жангариларининг 22 нафар террорчиси ўлдирилган.

Аввал Малида чегара постига уюштирилган ҳужум натижасида 50 нафардан ортиқ одамнинг ҳалок бўлгани ва ИШИД террорчилари ушбу ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олгани, Буркина Фасода олтин кони ишчиларига қилинган ҳужум оқибатида 37 нафар одам ҳалок бўлгани хабар қилинган.