«Қорақалпоғистон» темир йўл чегара божхона постидан фуқаро Ж.В. жами 66 литр вискини яширинча олиб ўтмоқчи бўлди, деб хабар бермоқда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати.

Фото: Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати

Фуқаро божхона ходимининг оғзаки сўровида айтмасдан ҳамда йўловчи божхона декларациясида кўрсатмасдан поезд вагонининг тепа қисми(плафон)га, шунингдек, вагон печкасининг пастки қисмида ёғочлар остига хуфёна тарзда яширган ҳолда, умумий қиймати 33 миллион сўмлик 66 литр вискиларни тижорат мақсадида олиб келаётганлиги аниқланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича божхона органлари томонидан суриштирув ишлари амалга оширилмоқда.

Бундан аввал Божхона қўмитаси ўтказган тезкор тадбирда 39 480 дона «Трамадол»нинг ноқонуний айланмасига чек қўйилган, 2 миллиард сўмлик антиквар бойликларнинг мамлакатдан олиб чиқиб кетилиши тўхтатилган, 6,1 миллиард сўмлик матолар белгиланмаган жойда сақланаётгани аниқланганди.