Чироқчи туманидаги мактаблар аҳволи тасвирланган фотолар ижтимоий тармоқларда кўпчиликнинг эътиборини тортди. «Дарё» мухбири Отабек Қўлдошев ҳам Чироқчи туманидаги мактаблар аҳволидан «сўзловчи» суратлар билан қизиқди ва тумандаги тилга олинган манзилларда бўлди.

153-мактаб

Фото: «Дарё»

Дастлабки манзилимиз туманнинг чекка ҳудудларидан бири «Пахталисой» маҳалласида жойлашган 153-мактаб бўлди. Мактабнинг ташқи кўриниши суратда тасвирланганидек пана-пастқам эмас. Бинойидек, икки қаватли. Синфхоналари ҳам кўкларга кўтариб мақтагудек бўлмаса-да, ҳар қалай нолийдиган даражада ҳам эмас.

153-мактаб

Фото: «Дарё»

— Мактабимиз 1989 йил боғча сифатида қурилган бўлиб, 1996 йил мактабга мослаштирилган, — дейди 153-мактаб директори Бозор Соатов. — Мактаб қуввати 200 ўринли бўлиб, айни кунда 496 нафар ўқувчи икки «смена»да таҳсил олади.

Мактаб директори Бозор Соатовнинг таъкидлашича, ижтимоий тармоқлар ҳамда хориж ОАВсида шу мактабдаги ҳолат эканлиги айтилган расмларнинг фақатгина биттаси — ўртаси кўчиб тушган доска шу мактабдан олинган. У ҳам бўлса бундан 3 йил олдинги ҳолат.

153-мактаб директори Бозор Соатов

Фото: «Дарё»

— Ушбу расмни ўзим туширганман, — дейди Бозор Соатов. — Бундан тахминан 3 йил илгари туман халқ таълими бўлимининг топшириғига кўра, аҳволи оғир мактаблар рўйхати шакллантирилган. Ўшанда синфхонамиздаги доскани ўзим расмга олиб, «таъмирталаб мактаблар сафида биз ҳам бор» дегандим.

Директорнинг айтишича, ўртаси кўчган доска тасвирланган сурат 3 йил илгари ХТБ масъулларига тақдим этилган.

Кузатувларимизга кўра, ижтимоий тармоқда оммалашаётган суратлардаги биноси эски ва қаровсиз ҳожатхона ҳам шу мактабдан олинган. Бироқ, ушбу эски ҳожатхона ёнида янги ҳожатхона ҳам қурилган. Аммо сурат улашувчи ушбу вазиятни ёки ёддан чиқарган ёки атайлаб кадрдан четда қолдирган.

153-мактаб ҳожатхонаси

Фото: «Дарё»

Аммо ҳақиқатан ҳам мактабда спорт зал, ошхона йўқ.

Туманнинг Шўрқудуқ қишлоғида жойлашган 137-мактаб филиалининг аҳволи эса ҳақиқатан ҳам оғир. 1980 йил ҳашар йўли билан аҳоли томонидан қурилган бинода айни кунда 38 нафар ўқувчи таҳсил олади. Қарийб 40 йилдан бери мактаб вазифасини бажариб келаётган бинода 2 та синфхона мавжуд бўлиб, синфхоналардаги доскалар ҳам 40 ёшни қаршилаган кўринади.

137-мактаб директори Хуршид Холмирзаевнинг маълумот беришича, филиал 2020 йил 60 ўринли қилиб қайта қурилади.

137-мактаб филиали

Фото: «Дарё»

— Филиал ушбу ҳудуддаги бошланғич синф ўқувчилари учун мўлжалланган бўлиб, бу ерда 38 нафар ўқувчи 2 та синфда таҳсил олади, — дейди мактаб директори Хуршид Холмирзаев. — 1—3 синфлар битта синфда ўқиса, 2—4 синфлар кейинги синфхонада таҳсил олади.

Мактаб директорининг таъкидлашича, филиал ва асосий мактаб ўртасидаги масофа 5 километрни ташкил этади.

137-мактаб филиали синф хонаси

Фото: «Дарё»

— Туманимизда 187 та мактаб, 40 та филиал мавжуд, — дейди туман халқ таълими бўлими мудири Назира Абраева. — Тан олиш керак, 40 та филиалнинг 16 таси шундай оғир аҳволда. Илгари филиалларимиз 60 тадан кўп эди. Аҳоли туманнинг чекка-чекка ҳудудларига кўчиб чиқиб уй қурган, сўнгра фарзандлари учун мактаб талаб қилган. Қарабсизки, 20—30 нафар ўқувчи учун ҳам 2-3 хонали бино қурилиб, филиал сифатида рухсат берилаверган. Ана шу муаммолар бугунги кунга келиб бўй кўрсатмоқда. Шундай бўлса-да, ўтган йиллар давомида 20 дан ортиқ талабга жавоб бермайдиган филиалларимизни ёпдик. 24 тасига замонавий талабга жавоб берадиган бино қуриб бердик. Энди босқичма-босқич қолган филиалларимизни ҳам эпақага келтириш ҳаракатидамиз.

Ўқитувчилар хонаси

Фото: «Дарё»

Telegram ижтимоий тармоғида тарқалган суратларда 69-мактаб филиали эканлиги айтилган бино ҳақиқатан ҳам мавжуд бўлиб, айни кунда 96 нафар ўқувчини бағрига сиғдирган.

«Паст уйшун» қишлоғидаги 69-мактаб

Фото: «Дарё»

Аниқланишича, «Оқтош» МФЙ «Паст уйшун» қишлоғида жойлашган 69-мактабнинг 2 та филиали мавжуд бўлиб, кўринишидан уйни эслатувчи биринчи бинода 96 нафар ўқувчи ўқийди. Иккинчи филиалда эса 65 нафар ўқувчи таҳсил олади.

69-мактаб синф хонаси

Фото: «Дарё»

69-мактаб филиали (қурилиши бошланган бино)

Фото: «Дарё»

— Мактабимизнинг асосий биносида 636 нафар ўқувчи ўқийди, — дейди 69-мактаб директори Норбўта Бекмуров. — 2 та филиалимизда эса 160 нафар ўқувчи бор. 96 нафар ўқувчи ўқиётган кичкина филиалимизнинг ёнида янги мактаб қурилмоқда.

Маълум бўлишича, 700 миллион сўм маҳаллий бюджет маблағи эвазига ушбу кичкина ҳужра ёнидан 60 ўринли мактаб биноси қад ростламоқда. Қурилиш ишлари бошлаб юборилган.

Туманнинг Бешчашма ҳудудидаги «Оқ олтин» қишлоғида жойлашган 70-мактаб филиали ҳам эски бинода жойлашган бўлиб, 2009—2017 йилларда 67 нафар ўқувчи таҳсил олган. Айни кунда филиалда ўқувчи йўқ. Боиси, қурилиш ишлари бошлаб юборилган.

70-мактаб филиали (қурилиши бошланган бино)

Фото: «Дарё»

— Филиалимиз қурилиши жорий йил сентябрь ойида бошланган бўлиб, декабрь ойи якунида қуриб битказилади, — дейди 70-мактаб директори Аллаёр Қултоев. — Филиал 60 ўринга мўлжаллаб барпо этилмоқда.

70-мактаб директори Аллаёр Қултоев

Фото: «Дарё»

Чироқчи туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари тумандаги мактаблар аҳволи хусусида ижтимоий тармоқлар ва хориж ОАВсида ҳақиқатга тўғри келмайдиган, бўрттирилган маълумотлар тарқалишини танқид қилмоқда.

70-мактаб филиали синф хонаси

Фото: «Дарё»

— Муаммони айтиш керак, албатта. Бироқ, бўрттирмасдан, ёлғон маълумотларни қўшмасдан бор ҳолатни айтиш лозим, — дейди туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Собит Раимқулов. — Мактаб ҳожатхонасининг эскисини кўрсатиб, ёнида янги қурилган бинони кўрсатмаслик қанчалик адолатли? Қолаверса, ижтимоий тармоқларда айтилганидек, аксарият филиалларда айни кунда ўқиш тўхтатилган. Таъмирлаш ишлари кетмоқда.

Туман халқ таълими бўлими мудири Назира Абраева тумандаги мактаб филиалларининг аксарияти талабга жавоб бермаслигини тан олди.

— Тўғри, филиалларимиз орасида талабга жавоб бермайдиганлари бор, — дейди Назира Абраева. — Буни тан оламиз, албатта. Аммо мазкур маълумотни қайта-қайта ижтимоий тармоқларда тарқатиш, хориж ОАВ сида сийқаси чиқиб кетгунга қадар айлантиришдан нима наф? Бу муаммолар кеча ёки бугун пайдо бўлгани йўқ. Бу йиллар давомида йиғилиб қолган. Президент таъкидлаганидек, илгари мактабларимизнинг аҳволига у қадар ҳам эътибор берилмаган. Аммо сўнгги 2—3 йил давомида кўплаб ишлар қилиняпти-ку? Туманимиздаги 24 та филиалнинг замонавий биноларга эга бўлгани бунга мисол бўлади.

115-мактаб ва унинг қўшимча биноси

Фото: «Дарё»

Кузатувларимиздан маълум бўлишича, тумандаги 115-мактабда ҳам ўқувчи сони ортиб кетган. Сиғими 160 ўринли бўлган таълим масканида айни кунда 483 нафар ўқувчи таҳсил олади. Мактаб ёнида эски бино бор. Мактаб директорининг айтишича, эски бино талабга жавоб бермагани боис ўқувчиларни ўқитишда муаммо юзага келмоқда.

Туман ХТБ масъулларининг маълумот беришича, тумандаги мавжуд 187 мактабда 89 565 нафар ўқувчи таҳсил олади. 2019 йили 15 та филиал ва 7 та мактабда капитал таъмир ва реконструкция ишлари бажарилган. Президентнинг вилоятга ташрифи чоғида берилган топшириққа кўра Кўкдала ҳудудида 3 миллиард 600 миллион сўм эвазига 420 ўринли замонавий мактаб қад ростламоқда.

Муаллиф:Отабек Қўлдошев