Нейтрон юлдузлар сингари фавқулодда ўта катта зичликка эга объектларда дуч келиш мумкин бўлган материя шакллари коинотдаги энг пишиқ материал мақоми учун даъво қила олади. Сўнгги ҳисоб-китобларга қараганда, нейтрон юлдуз материяси пўлатдан 10 миллиард маротаба пишиқроқ бўлар экан.

фото: Google Photos

«Албатта, бу ишониш қийин бўлган фавқулодда катта рақам, лекин ҳақиқатан ҳам нейтрон юлдуз материяси шу қадар катта зичликка эгаки, унда ростдан ҳам бундай пишиқликка эришиш мумкин», – деб изоҳ берган Индиана университети физик мутахассиси Чарльз Горвиц.

Нейтрон юлдузлар – йирик массали юлдузлар ҳаётининг энг сўнгги босқичидир. Юлдуз ядросида мавжуд бўлган темир элементининг ҳамма ёниб битгач, у қаттиқ портлаб, электрон ва протонларни нейтрон ва нейтрино даражасигача сиқиб, зичлашиб боради. Жараёнда нейтрино эркин бўлиб учиб чиқиб кетади; нейтронлар эса янада ва янада зичлашиб, тобора кичик ҳажмни эгаллайдиган, диаметри атиги 10–20 километр келадиган ўта фавқулодда катта зичликка эга бўлган шарга жипслашиб боради. Зичлик чексизликка интилиб боргани сари нейтрон юлдузнинг энг чуқур қаъри марказидаги материал ғалати ва ғайриоддий физик хоссаларга кириб боради. У ерда ядро фавқулодда сиқилиб, деформацияланади ва ядролар бир-бири билан бирика бошлайди. Бундай жараён натижасида нейтрон юлдуз қаърида ҳосил бўлган структураларни олимлар италян дастурхонидаги таомлар номи билан аташга одатланишган. Масалан, айрим нейтрон юлдузларда ички структуралар қатлама сингари қатлам-қатлам бўлиб қолади; буни астрофизиклар «лазаня» дейишади (биз «қатлама» десак ҳам бўлаверади). Шунингдек, бизнинг ўрама ёки хонимга ўхшаш «нёки» ёки лағмонга ўхшаш «спагетти» нейтрон юлдуз ядро структуралари юзага келади. Лекин номидан иштаҳани очадиган бўлгани билан бу ядро структураларининг массаси фавқулодда катта экани туфайли уларга ҳеч кимнинг тиши ўтмаган бўларди. Боз устига, бу материя коинотдаги энг пишиқ материя бўлади ва у ҳар қандай одамнинг тишини синдиради. Ахир тасаввур қилиб кўринг, нейтрон юлдуз ядровий спагеттисининг зичлиги сув зичлигидан 100 триллион марта катта бўлади!

Бундай катта зичликни Ердаги бирор лаборатория шароитида олишнинг имкони йўқ. Биз уларни фақат компьютер моделлаштириши асосида текшира оламиз холос. Исми юқорида қайд этилган олим – Горвиц ҳамкасби Каплан билан биргаликда айнан шу ишни бажаришган, яъни улар нейтрон юлдузнинг «спагетти» структурасини компьютерда моделлаштириб кўрган. Компьютер моделида бажарилган тажрибаларга асосланиб олинган ҳисоб-китобларга ишонадиган бўлсак, мабодо кимдадир нейтрон юлдуздан олинган «ядровий спагетти» материали бўлса, бундай материални синдириш учун энг пишиқ пўлатни синдиришга кетадиган кучдан 10 миллиард марта катта куч керак бўлар экан.

Олимлар ўз қаъридаги ушбу структураларнинг ҳаракати туфайли нейтрон юлдузлар муттасил равишда гравитация тўлқинлари таратиб туради деган фикрга келмоқдалар. Бироқ улардан тараладиган бундай гравитация тўлқинлари шу қадар сезилмас ва суст бўлгани учун уларни Ердаги LiGI ва Virgo детекторлари қайд қила олмас экан. Лекин 2034 йилда орбитага чиқарилиши режалаштирилган LISA космик расадхонаси биринчилардан бўлиб нейтрон юлдуз генерациялаган гравитация тўлқинларини аниқлаши мумкин.