Молия вазирлиги Жаҳон иқтисодий форуми (ЖИФ) вакиллари билан биргаликда республиканинг глобал рақобатбардошлик индексига киритилиши бўйича иш олиб бормоқда, деб хабар беради вазирлик матбуот хизмати.

Фото: Молия вазирлиги матбуот хизмати

Глобал рақобатбардошлик индекси (ГРИ) мамлакатнинг иқтисодий ўсиш истиқболларини ҳамда ўз фуқароларининг юқори даражадаги фаровонлигини таъминлаш имкониятини баҳолайди. Ушбу индекс, ўз навбатида, давлатнинг мавжуд ресурслардан фойдаланиш самарадорлиги даражасини кўрсатади.

Лекин Ўзбекистон ушбу индексга киритилмаган.

Қайд этилишича, ЖИФ мутасаддилари бу узоқ жараён эканлигини маълум қилган ва бунинг сабабларини қуйидагича изоҳлаган:

Биринчи босқичда, 2020 йилнинг 1 январига қадар ЖИФ Ўзбекистонда фаолият юритадиган нодавлат илмий-тадқиқот институтлари, хусусий университетлар ёки  агентликлар орасидан биттасини ўзининг ҳамкори сифатида танлаб олади. ЖИФ томонидан танланган ташкилот кичик корхоналар, йирик корпорациялар, акционерлик жамиятлари, шунингдек, Ўзбекистонда фаолият олиб борувчи хорижий компаниялар (филиаллари) орасида махсус сўровнома ўтказади;

ЖИФнинг Ўзбекистондаги ҳамкор ташкилоти 2020 йилда ўтказилган сўровнома натижалари тўғрисида ҳисобот бериши керак;

Юқоридаги жараёнлар якунланиб, ҳисоботлар топширилганидан сўнг мамлакат 2021 йилда расмий равишда ГРИга киритилиши мумкин.

ЖИФ ходимлари томонидан берилган изоҳга кўра, ЖИФ биринчи навбатда олинган сўровнома натижаларини Ўзбекистон кўрсаткичларининг ҳақиқий тенденциялари билан қай даражада мос келишини текшириб кўриши зарур. Иккинчидан, ушбу тенденциялар махсус экспертлар томонидан 2 йил мобайнида мунтазам кузатиб борилиши ва таҳлил қилиниши лозим.

ЖИФ томонидан Ўзбекистоннинг ГРИга киритиш жараёни 2 йил муддат талаб этишини инобатга олиб, юқорида кўрсатилган ҳамкорлик шартларига риоя қилган ҳолда Ўзбекистоннинг ГРИдаги ўрни 2021 йилдан бошлаб акс эттириб борилиши кутилмоқда.