Ўзбекистоннинг Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида 16 октябрь куни «Хизб ут-Тахрир» диний-экстремистик ташкилотининг бир гуруҳ аъзолари жиноий фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ушбу шахсларнинг аксарияти муқаддам «Хизб ут-Тахрир»га аъзо бўлганликлари учун жазо муддатини ўтаб чиққан, бироқ улар аҳоли орасида ноқонуний тарғибот олиб бориб, «Хизб ут-Тахрир» ДЭТ ғояларини тарқатган. Шунингдек, улар экстремистик ғояларидан воз кечган, муқаддам жазо муддатини ўтаб чиққанларни ҳам қайта жиноят содир этишга чорлаган.

Ҳибсга олинган шахсларнинг яшаш манзилларида экстремистик мазмундаги адабиётлар мавжудлиги аниқланган ва улар процессуал тартибда расмийлаштириб олиб қўйилган.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов-суриштирув тадбирлари амалга оширилмоқда.

Маълумот учун, «Хизб ут-Тахрир» диний экстремистик ташкилоти 1953 йилда Фаластин давлатида Тақиюддин Набихоний томонидан асос солинган бўлиб, мақсади дастлаб мусулмон мамлакатларида, кейинчалик эса бутун дунёда ягона Халифалик давлатини ўрнатишдан иборат.

Бугунги кунда ушбу ташкилотнинг фаолияти Россия, Германия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва яна бир қатор мамлакатлар ҳудудида тақиқланган.

Ўзбекистон Олий судининг 2016 йил 26 сентябрдаги қарори билан «Хизб ут-Тахрир» диний экстремистик ташкилоти фаолияти Ўзбекистон ҳудудида тақиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган.