NBC телеканали мухбири Кортни Кьюб жонли эфирда Туркия қўшинларининг Сурияга берган авиазарбалари ҳақида гапираётганда, унинг тўрт ёшли ўғли студияга кириб келди. Ҳолат акс этган видеони Meduza тақдим этди.

Бошловчининг Райан исмли тўрт ёшли ўғли уни қучоқламоқчи бўлган. Кьюб гапиришда давом этиб, ўғлини секингина суришга ҳаракат қилган, бироқ болакай табассум қилган ва онасининг қўлидан тортишни бошлаган. Шунда бошловчи ўзини тутиб тура олмасдан кулиб юборган ва томошабинлардан узр сўраган.

Телевидение томонидан кейинчалик берилган изоҳга кўра, бошловчи шошилинч равишда эфирга чиқиши керак бўлгани сабабли ўғли Райан ва унинг акасини болалар боғчасига олиб боришга улгурмаган.