Uzbekistan Airways’нинг қуролли можаролар ҳудудидаги ватандошларни қайтариш бўйича «Меҳр» операцияси доирасида Бағдоддан парвоз қилган «Боинг» самолёти Тошкент аэропортига қўнди, дея хабар берди Тошкент вақти билан 22:08 да «Новости Ташкенцкого Неба» Telegram-канали.

Ўзбекистон расмийлари Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидан ватандошларни қайтариш бўйича «Меҳр» операциясининг иккинчисини амалга оширмоқда. Бу ҳақда Telegram’даги @aviaspotter канали хабар берди.

«Uzbekistan Airways’нинг Boeing 757-23P (борт рақами UK57502) самолёти HY3510 рейси билан Ўзбекистон фуқароларини ИШИД жанговар ҳаракатлар олиб борган ҳудудларидан қайтариш бўйича махсус операцияни бажармоқда. Рейс Бағдоддан амалга оширилмоқда», — дейилади каналда 10 октябрь куни Тошкент вақти билан соат 21:34 да қолдирилган хабарда.

Ўзбекистоннинг ваколатли органлари ҳозирча ушбу махсус операция ҳақида расмий ахборот берганича йўқ. Операциянинг тафсилотлари, хусусан, айнан неча нафар ўзбекистонлик Бағдоддан олиб келинаётгани ҳақида аниқ маълумотлар ҳозирча йўқ.

Аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистон Суриядан яна 170 киши ва Ироқдан 65 нафар боланинг қайтишини кутаётгани, бу борада Ўзбекистонга «халқаро ташкилотлар ва Яқин Шарқдаги жараёнларда бевосита иштирок этаётган давлатлар ёрдами керак»лигини маълум қилган эди.

Маълумот учун, Ўзбекистон раҳбарияти «Меҳр» инсонпарварлик операциясини илк бор 2019 йил май ойи охирида амалга оширган, ўшанда 156 нафар ўзбекистонлик, асосан аёллар ва болалар Uzbekistan Airways’нинг Сурия пойтахти Дамашқдан амалга оширилган махсус рейси билан Ўзбекистонга олиб келинган эди.

Кейинчалик ушбу операция давомида Ўзбекистон томони маълум бир қийинчиликларга дуч келгани аён бўлган эди. Хусусан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бир давлат Суриядан ватандошларни олиб қайтиш учун Ўзбекистон самолётини уриб тушириш билан таҳдид қилганини маълум қилган эди.