Сурхондарё вилояти, Шўрчи туманида жойлашган вилоят кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларни ўқитишга ихтисослашган мактаб-интернатида бола сони кўп, ётиш учун жой етишмовчилигидан болалар кутубхонада, полга кўрпа тўшаб тунашга мажбур бўлаётгани ҳақида хабар берилган эди.

9 октябрь, чоршанба куни Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати Сурхондарё вилояти халқ таълими бошқармасига таяниб, олиб борилган ўрганиш ишлари юзасидан маълумот берди, деб ёзмоқда «Gazeta.uz».

Фото: «Xabar.uz»

Сурхондарё вилоят ҳокимияти, вилоят прокуратураси, вилоят халқ таълими бошқармаси ва Шўрчи туман ҳокимияти вакилларидан ташкил топган ишчи гуруҳ мазкур ҳолатни ўрганиб чиқди. Вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан муассаса кутубхоначиси С.Эргашева ва педагоглари билан суҳбат ўтказилган.

Аниқланишича, 2019 йилнинг 20 сентябрь куни 3-«Б» синф ўқитувчилари М.А. ҳамда С.Қ. ўқувчиларни дарсдан олиб чиқиб, мактаб-интернат кутубхонасига полга матрас кўрпаларни тўшаб, ўқувчиларни ётқизган ҳолда уларни суратга олган.

Сўнгра ўқувчиларни ётоқхонадаги ўзларининг яшаш жойларига чиқариб юборган. Ушбу суратларни мактаб-интернат ўқитувчиси Б.Ж. ижтимоий тармоқларга жойлаштирган.

Ишчи гуруҳ вакиллари 3-«Б» синф ўқувчилари билан ҳам суҳбат ўтказган. Улар ҳеч қачон полда ётмаганлигини ва барча ўқувчиларга ўқиш учун ҳамда ётоқхоналарда тўлиқ шарт-шароитлар яратилганлигини маълум қилган.

Сурхондарё вилоят халқ таълими бошқармаси Шўрчи туманидаги вилоят кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларга ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқитувчилари Б.Ж., М.А. ва С.Қ.нинг ушбу хатти-ҳаракатларини қонун доирасида кўриб чиқилиши бўйича туман прокуратурасига мурожаат қилди. Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича Шўрчи тумани прокуратураси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Айни вақтда мазкур муассасада 265 нафар ўқувчи таълим-тарбия олмоқда. Уларнинг 206 нафари муассаса ётоқхонасида истиқомат қилади. Қолган 59 нафар ўқувчи ўз уйидан мактаб-интернатга қатнаб ўқийди.