1901 йилда Нобель мукофоти илк бора ўз эгаларига топширилган. Ўшанда олимлар Вильгельм Рентген, Якоб Вант-Гофф ҳамда Эмиль Беринг мос равишда физика, кимё ва тиббиёт соҳасида илк Нобель мукофотларини қўлга киритган эди. Илк йили адабиёт бўйича Нобелни франциялик ёзувчи Сюлли Прюдом қўлга киритган бўлса, тинчлик соҳасидаги мукофот эса швейцариялик Жан Анри Дюнанга насиб этган.
Мукофот қоидаларига мувофиқ, лауреатларга Альфред Нобель силуэти туширилган катта олтин медаль топширилиши лозим. Ҳақиқатан ҳам, 1901 йилдан буён ҳар бир лауреат тантанали маросимда Швеция қироли қўлидан олтин медаль қабул қилиб олади. Ана шу олтин медалининг ўзи билан ҳам Нобель мукофотининг кўплаб қизиқарли тарихий воқеалари боғлиқ бўлиб, «Дарё» «Нобель ҳафталиги олдидан» рукнида бошлаган туркум мақолаларнинг ушбу сонида ана ўша олтин медаллар ҳақида ҳикоя қилади.
Масалан, қўмита бир сафар медалларни фашистлардан яшириш учун Швецияда эмас, Данияда тайёрлатишига тўғри келган; бир сафар эса топшириш маросимидаги чалкашлик туфайли иккита лауреатнинг медаллари ўзаро адаштириб бериб юборилган. Уларни тўғрилаб олиш учун эса тўрт йил вақт кетган. Яна бир сафар Нобель олган лауреатни аэропорт махсус хизматлари қаттиқ тинтув қилган ва дағдаға билан контрабанда қилишга айблаган.
1901 йилда илк Нобель мукофотини қўлга киритган ва исмлари юқорида санаб ўтилган шахслар эса асл бўлмаган медалларни қабул қилиб олган. Яъни уларга «вақтинча» медаллар бериб турилган. Бунинг сабаби ўша пайтдаги мукофот ҳайъати йўл қўйган лоқайдликда бўлиб, улар медалнинг тескари томонига туширилиши керак бўлган тасвирни тасдиқлашни пайсалга солган ва натижада медаллар 10 декабрь санасигача тайёр бўлиб улгурмаган. Фақат 1902 йилдаги иккинчи марта мукофот топшириш маросимидаги медаллар ҳақиқий бўлган. Ўшанда швециялик ҳайкалтарош ва гравюра устаси Эрик Линдберг лойиҳаси асосида тайёрланган илк олтин медаллар Нобель мукофотига қўшиб лауреатларга топширилган. 1901 йилги медаллар эса худди сувенир сингари арзон металлга шунчаки Нобель силуэти зарб қилинган тарзда бўлган. Улар кейинчалик ҳақиқий олтин медалларга алмаштириб берилган. Гарчи Линдберг швециялик бўлса-да, ўша йиллари Парижда истиқомат қиларди, шу сабабли Нобель медалида француз гравюра санъати белгиларини ҳам кўриш мумкин.
Тинчлик соҳасидаги Нобель мукофотининг медали дизайнини эса норвегиялик ҳайкалтарош Густав Вигеланд ишлаб чиққан. Бироқ унинг зарб қилиниши учун қолип ва нақшларни барибир Линдбергнинг ўзи тайёрлаган. Чунки Вигеланднинг бунга уқуви бўлмаган. Айтиш жоизки, Нобель медаллари ҳозир ҳам ўша 1901–1902 йилларда Линдберг ва Вигеланд чизган эскизлар бўйича зарб этилади. 1968 йилда Нобель хотираси учун Швеция марказий банки таъсис этган иқтисод соҳасидаги мукофот медалини эса Свенссон-Линквист лойиҳалаган. 1902–2010 йиллар мобайнида Нобель медаллари Швеция қироллик зарбхонасида сўқилган. 2011 йилда эса бу ишни Норвегия танга зарбхонаси бажарган. 2012 йилдан буён махсус корхона – Svenska medalj Нобель медалларини тайёрламоқда (Нобель медалларининг тайёрланиши ҳақида «Дарёда» алоҳида мақола бериш режалаштирилган).Барча йўналишларнинг медаллари дизайни ва нақшларига кўра бир-биридан фарқ қилади. Фақат физика ва кимё йўналишлари учун бир хил медал зарб этилади. Уларнинг ҳаммасида Альфред Нобель тасвири ва имзоси бўртма ҳолда ишланган бўлади. Швецияда топшириладиган медалларнинг тескари тарафида Inventas vitam iuvat excoluisse per artes ёзуви ўйилган. Бу лотинча жумланинг маъноси «Ихтиролар ҳаётни яхшироқ, санъат эса гўзалроқ қилади» демакдир. Тескари тарафдаги тасвир эса йўналишга қараб ҳар хил бўлади. Тинчлик соҳасидаги Нобель мукофоти медалида Pro pace et fraternitate gentium, яъни «Тинчлик ва биродарлик учун» деган ёзув мавжуд. Иқтисод соҳасидаги Нобель хотираси учун мукофот медалида бундай ёзувлар йўқ.
Айтиш лозимки, ҳар бир Нобель медалига унинг эгасининг исми шарифи ўйиб ёзиб қўйилади. Масалан, тинчлик соҳасидаги ва иқтисод бўйича мукофотларда лауреатнинг исми-шарифи медалнинг қиррасига ўйиб ёзилган бўлади. Бошқа йўналишлардаги медалларда эса лауреат исми-шарифи медалнинг орқа тарафида бўртма ҳарфлар билан ишланади. Тинчлик соҳасида ва иқтисод йўналишида топшириладиган Нобель олтин медалларидаги ёзувлар бироз майда бўлгани ва медаль қиррасига ишлангани учун баъзан муаммоларга ҳам сабаб бўлади. Чунончи, 1975 йилда иқтисод соҳасидаги ёзувлар бироз хотираси учун мукофотни америкалик Тяллинг Купманс ва СССРдан Леонид Канторович ўзаро бўлишиб олган эди. Топшириш маросимида уларнинг медаллари ўзаро адаштириб бериб юборилган. Совуқ уруш энг авжига чиққан йиллар бўлгани сабабли лауреатлар медалларини алмаштириб олишга қийналган. Бунинг учун оз эмас, кўп эмас, нақ тўрт йил керак бўлган ва кучли дипломатияни ишга солишга тўғри келган.
1980 йилгача топширилган барча Нобель медаллари 200 грамм тилладан иборат бўлиб, диаметри 66 миллиметр бўлган. У 23 каратлик тилладан тайёрланган. 1980 йилдан бошлаб мукофот қўмитаси медаллардаги олтин вазнидан тежашни бошлади; ўшандан буён медаль оғирлиги 175 грамм, пробаси эса 18 карат қилиб зарб этилмоқда. Тинчлик соҳаси ва иқтисод бўйича медаль вазни бироз оғирроқ – 185 грамм.
Иккинчи жаҳон уруши йилларидан фашистлар яҳудийларни, шу жумладан, келиб чиқиши яҳудийларга алоқадор ҳар қандай олимларни ҳам таъқиб қилган. 1933 йилдан эътиборан Германияда нацистлар ҳукумат тепасига келгач, кўплаб яҳудий олимлар ва немис физикларининг ўзи ҳам Данияга қочиб кета бошлаган. Кўплаб олимларга Копенгагенда буюк физик Нильс Бор бошпана берган, иш топиб берган. Шундайлардан бири 1914 йилги Нобель мукофоти соҳиби, немис физиги Макс фон Лауэ бўлса, яна бири 1925 йилги Нобель эгаси Жеймс Франк бўлган. Улар ўз Нобель медалларини ўзлари билан Копенгагенга олиб келган. Немис фашистлари эса мамлакатдан олтин ва қимматбаҳо металлар олиб чиқиб кетилишини жуда қаттиқ назорат қиларди ва кимда-ким олтинни Германиядан ташқарига олиб чиқиб кетаётгани аниқланса, бу давлатга хиёнат деб баҳоланиб, у отувга ҳукм қилинарди. 1940 йилда фашистлар қадами Копенгагенга ҳам етиб келди. Данияни босиб олган фашистлар биринчи навбатда Бор лабораториясини ва у ердан паноҳ топган немис физикларининг Нобель медаллари излашга тушди. Бироқ ҳар қанча синчиклаб тинтув ўтказишмасин, улар ҳеч нарса топа олмади. Медалда мукофот эгасининг исми-шарифи ўйиб ёзилган бўлишини эътиборга олсак, мабодо немислар топиб олса, демак, эгасини давлатга хиёнатда айблаб отиб ташлашлари ҳеч гап эмасди. Маълум бўлишича, Германия Данияни босиб олгач, Бор ўзи яширган немис олимларининг хавфсизлиги борасида қайғура бошлаган. Улар маслаҳатлашиб, медалларни кўмиб қўйишни таклиф қилган. Аммо бу фикр Борга маъқул келмаган. Чунки металл қидирувчи мосламалар билан фашистлар медалларни топиб олиши эҳтимоли бор эди. Шунда Борнинг ўзи Жеймс Франк ва Макс фон Лауэнинг Нобель медалларини эритиб, бирор суюқликда эритма ҳолида сақлаб қолишни таклиф қилган. Борнинг топшириғи билан унинг шогирди, яҳудий олим Жорж де Хевеши томонидан медаллар эритиб, спиртга аралашма тарзида олиб қўйилган. Бу ҳақда у шундай ёзган эди: «Босқинчилар кўчада марш билан ўтаётган бир пайтда мен медалларни эритиш билан банд эдим...». Шу тариқа, Нильс Борнинг топқирлиги эвазига икки етук физикнинг шахсий мулки бўлмиш қимматбаҳо Нобель медаллари фашистлар қўлига тушиб қолишидан сақлаб қолинган. Лекин улар қайта эритиб олингач, албатта эски, асл шаклига қайтмайди. Таъкидлаш жоизки, уруш тугагач, Нобель мукофоти қўмитаси фон Лауэга ҳам, Жеймс Франкка ҳам медалларини бошқатдан ясаб топширган.
Фашистлар Копенгагенда Нильс Борнинг ўзини ҳам тинтув қилган. Чунки улар буюк олим 1922 йилги физика бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлгани ва унда қимматбаҳо медаль борлигини яхши биларди. Тинтув ва сўроқлар орқали нацистлар Борнинг олтин медалини топа олмаган. Ушбу медал тақдири яқин-яқинларгача ҳам сир бўлиб қолмоқда эди. Чунки уни нима қилганини ёки қаёққа қўйганини Нильс Борнинг ўзи бирор жойга ёзиб қолдирмаган. Кейинчалик архив ҳужжатларидан маълум бўлишича, Нильс Бор ўзи ва 1920 йилги тиббиёт бўйича Нобель мукофоти эгаси, даниялик физиолог олим Август Крог билан биргаликда олтин медалларини 1940 йилда СССРнинг қуролли ҳужумига учраган Финляндия халқига ёрдам фондига эҳсон қилиб юборган экан. Уларнинг медалларини шахси сир қолишини истаган бир одам сотиб олган ва кейинчалик Дания давлат тарих музейига беғараз қайтариб берган.
2011 йилги физика бўйича Нобель эгаси Брайан Шмидт эса Шимолий Дакота штати, Фарго шаҳри аэропортида контрабандачи сингари муомалага дуч келган. Аэропорт хавфсизлик хизмати шу шаҳарда яшовчи бувисини кўргани келаётган Нобель мукофоти эгаси Брайан Шмидтни танимаган. У эса медалини бувисига кўрсатиб мақтанишни мақсад қилган. Аэропортда рентген аппарати орқали юкларини ўтказаётган Шмидтни махсус хизмат ходимлари ушлаб олиб, олтинни қаердан олганини айтишини талаб қилиб сўроққа тута бошлаган. Шмидт ҳазиломуз жавоб билан «уни швед қиролидан олдим» деб айтган. Улар эса қирол нимага унга медаль берганини сўраган. Шмидт «мен қиролга коинот тезланиш билан кенгаяётганини айтиб бергандим, шунга берди», дея яна ҳазил қилган. Вазиятга АҚШ ҳукуматидагилар аралашмагунича бечора Шмидт Нобель медалини бувисига кўрсата олмай хуноб бўлган.
Музаффар Қосимов тайёрлади.
Изоҳ (0)