Мактабгача таълим вазирлиги Бекободдаги 15-сонли МТТдаги озиқ-овқатдан заҳарланиш ҳолатини чуқур ўрганиб чиқди, деб хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, болалар заҳарлангани ҳақидаги маълумот етиб келиши билан Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳи Бекободга жўнатилган.
Мавзуга доир: Бекободда боғча болалари овқатдан заҳарланди
Ўрганиш жараёнида қуйидагилар аниқланди:
- МТТ янги маиший музлатгичлар билан жиҳозланган ва улар ишчи ҳолатида;
- ходимлар тиббий кўрикдан ўтганлар ва санитар китобчасига эгалар;
- МТТ сув таъминотида узилишлар бўлиб туради. «Аристон» сув иситгичи ишчи ҳолатида эмас;
- дезинфекция ва ювиш воситаларининг захираси мавжуд бўлишига қарамай ходимлар уларни ишлатмайдилар;
- гуруҳларда эмалланган идиш-товоқ етарли эмас;
- гуруҳларга ичимлик суви қўйилмаган;
- 27 сентябрь кунги таомномасига бир-бирига мос келмайдиган таомлар киритилган (бодринг ва кисель, қуюлтирилган сут ва олма);
Мавзуга доир: Бош прокуратура Бекободдаги боғчада болаларнинг овқатдан заҳарланиш ҳолати юзасидан текширув ўтказмоқда
Айни вақтда Бекободнинг 15-сонли МТТ фаолияти вақтинча тўхтатилган. У ерда ювиш ва дезинфекция тадбирлари амалга оширилмоқда.
Маълумот учун, Бекобод шаҳар тиббий бирлашмаси юқумли касалликлар бўлимига 27 сентябрь куни 19 нафар бола «Ўткир диарея, гастроэнтерит» дастлабки ташхиси билан келтирилган. Оғир ҳолатлар қайд этилмаган, 3 боланинг ҳолати ўрта оғирликда, 15 нафари қониқарли, 1 нафар бола уйга жўнатилган. Даволашдан сўнг болаларнинг барчасида тузалиш томон ижобий динамика кузатилмоқда.
Изоҳ (0)