Ўзбекистон санъат арбоби, кинорежиссёр Зулфиқор Мусоқов «Берлин—Оққўрғон» номли тўлиқ метражли бадиий фильмининг «Ўзбекистон тарихи» телеканалида намойиш этилишига эътироз билдирди. Бу ҳақда Facebook’даги «Кино санъати» саҳифасига маълум қилинди.

Фото: «Дарё»

Бизни, «Берлин—Оққўрғон» фильми ижодкорларини янги очилган «Ўзбекистон тарихи» каналига таклиф қилишиб, фильмимизни томошабинларга кўрсатишидан хурсанд бўлган эдик. Лекин қайси бир палид, аблаҳ одам қонунни бузиб, давлат мулки бўлган фильмни эфирда ўзича кесганидан жуда ранжидик. Афсус, эндигина вужудга келган янги телеканал фаолиятини бунақа қинғир ишлар билан бошлаши жуда жирканч ҳол... Кесилган эпизодларни бадиий маъноси йўқ қилинди.

  • Кичкина Клаус фашист байроғи тақилган тортни Деборани уйига олиб келиши;
  • Қўзибой тоғасининг бурдаланганини кўриш кадрлари;
  • Фашист байроғи остида биринчи бўса. Ахир ўша байроқни тайёрлашда қанча меҳнатимиз кетган эди.
  • Клаус ва Дебора катталигида ухлаши.
  • Фашистларни одамларни ўлдириш кадрлари ва айнан барча миллатларни, шу ҳисобда ўзбекларни ҳам, қириш ҳақидаги ҳужжатли кадрлар йўқ

Бу атайин қилинган жуда жиддий қўпорувчилик хатти-ҳаракати деб тушундим ва эртагаёқ бу ҳақда хоҳлаган жойда бу ишни ким қилганини талаб қиламан ва бизнинг ҳуқуқимиз бузилгани ҳақида билдираман. Жуда хафа бўлдик...

Зулфиқор Мусоқов, Ўзбекистон санъат арбоби, кинорежиссёр

2018 йилнинг декабрида премьераси бўлиб ўтган «Берлин—Оққўрғон» фильмида 1941—1945 йилларда кечган Иккинчи жаҳон урушида ўзбек миллатининг жасур ва мард ўғлонлари, шунингдек, фронт ортидаги Ўзбекистон халқининг кўрсатган беминнат меҳнатлари ҳамда инсонийлик муносабатлари акс эттирилган.

Эслатиб ўтамиз, Зулфиқор Мусоқов фильмлари телеканалларда намойиш қилинишидан олдин кесилиши борасида МТРК раисига мурожаат қилгани, мурожаатига Алишер Хаджаев томонидан «Бизда аҳмоқлар жуда кўп, айбдор топилиб жазоланади» деган жавобни олган эди.