«Дарё» сайтида ҳафтанинг сараланган энг муҳим ва муҳокамали хабарлари шарҳини бошлаймиз.
Ҳафта янгиликлари сафининг бошида троллар турибди. Ғоявий мухолифлари билан виртуал оламда курашишга бел боғлаган аксарият сўз эркинлигини тўсувчи давлатлар ўз тролларини тайёрлаб, «жанг»га солади. Хўш, тролль ўзи ким? Исм-фамилияси ва бошқа шахсий маълумотларини кўрсатмасдан, турли постлар тагига буюртма асосида изоҳ қолдирувчилар бугунги троллардир. Ўзбекистоннинг бу борада ҳеч кимдан кам эмаслигини исботламоқчи бўлиб, кўпдан бери панада фаолият юритиб келган «троллар фабрикаси» бу ҳафтада фош бўлди.
Блогер ва журналист чоп этган хабарда ўзбек троллари Тошкент ахборот технологиялари университетида тайёрланиб, фаолият юритгани айтилади. Улар ижтимоий тармоқдаги турли постлар остидаги негатив изоҳларга жавоб ёзиб, давлат сиёсатини мақташ билан шуғулланган. Бу ишлари учун ҳақ тўланган. Тролларнинг раҳнамолари ТАТУ проректори ва матбуот котиби бўлган. Тролларнинг Telegram’даги гуруҳида «троллигимиз сезилмасин» деган изоҳ қаттиқ кулгуга сабаб бўлди. Бу махфий гуруҳдан изоҳлар скриншот шаклида сизиб тарқаб кетган.
Троллар фабрикасини фош қилган қизнинг айтишича, улар бу ишни ватанга хизмат деб ҳисоблашади.* * *
Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (Туркий кенгаш) аъзоси бўлиш учун ариза топширган эди. Туркий кенгашга, ҳозирча, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзо ҳисобланади. Туркманистоннинг ҳам қўшилгиси бор. Кенгашнинг навбатдаги саммити 16 октябрь куни Озарбайжонда бўлиб ўтиши режалаштирилган. Шавкат Мирзиёев 15 октябрь куни Бокуга борадиган бўлди.
Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши халқаро ҳукуматлараро ташкилот бўлиб, фаолиятининг асоси туркий тилли мамлакатлар ўртасида дўстлик ва қўшничиликни мустаҳкамлаш, ҳудудда ва жаҳонда тинчликни сақлаш, хавфсизлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга қаратилган.
* * *
Мактабдаги «Миллий ғоя», «Одобнома», «Динлар тарихи», «Ватан туйғуси» фанларини умумлаштириб «Тарбия» номи билан ўқувчиларга ўтиладиган бўлди. Бу фан дарҳол эмас, босқичма-босқич жорий этилади. Республика маънавият ва маърифат маркази Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда бу режа бўйича амалий чоралар кўради.
* * *
Шу йилнинг 22 декабрида Ўзбекистонда парламент сайлови ўтказилади. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайланади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда бешта сиёсий партия бор: Халқ Демократик Партияси; «Адолат» социал-демократик партияси; ЎзЛиДеП; «Миллий тикланиш» демократик партияси; Экологик партия. ХДП ва «Адолат» оддий халқ манфаатларини ифода қилади, ЎзЛиДеП бойлар қатламининг ҳимоячиси бўлса, «Миллий тикланиш» миллий зиёлилар партиясидир. Яқинда тузилган Экологик партиянинг сиёсати номидан маълум.
Асосий рақобат «Миллий тикланиш» ва ЎзЛиДеП ўртасида бориши кутиляпти. Тадбиркорлар синфининг партияси ЎзЛиДеП депутатлари охирги вақтда фаоллиги билан ажралиб турибди. Партия раиси «Биз кўп гўшт еяпмиз» деган иқрори билан машҳур бўлган Актам Ҳайитовдир. «Миллий тикланиш» партияси эса ундан ўзиб кетиши эҳтимоли бор. Бу партияга аввал Сарвар Отамуротов раислик қилган, ҳозир Алишер Қодиров етакчидир. Алишер Қодиров ўтган йили ўзбек йигитларига кетмон совға қилинганлиги ҳақидаги ҳазилни жиддий қабул қилган, шунингдек, ўзбек қамоқхоналаридаги аҳволни танқид қилиб танилган депутатдир.
* * *
Ўзбекистонда қурилиш соҳасида бурилиш ясалиши кутилмоқда. Қурилиш соҳасига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди. Эътиборлиси шуки, Қурилиш вазирлиги фаолиятига «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими жорий этилади. Тизим 2020 йил 1 июнгача Тошкент вилоятида тажриба тариқасида ишга туширилади. 2021 йил 1 январгача бу тизимнинг республика бўйича реал вақт режимида ишлаши таъминланади.
Шунингдек, 2020 йил 1 мартгача «Ўзбекистон Республикаси давлат шаҳарсозлик кадастри» географик ахборот тизими (геопортал) тест режимида ишга туширилади. Қарор билан қурилиш соҳасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази ташкил этилди.
Шу йилнинг ёзида Олий таълим ва қурилиш «коррупциясиз соҳа» деб эълон қилинган эди. Эслатиб ўтамиз, бу соҳалар Ўзбекистонда энг коррупциялашган соҳалар ҳисобланади.
* * *
Шавкат Мирзиёев 2020 йил 1 июнгача Давлат хавфсизлик хизмати давлат архивларида сақланаётган тарихий давр (1917 йилгача) архив ҳужжатларини ўрнатилган тартибда махфийликдан чиқариш бўйича топшириқ берди. Шунингдек, Ўзбекистонда архив иши ва иш юритишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Президент фармони қабул қилинди.
Биз хабарнинг биринчи қисмига эътиборингизни қаратмоқчимиз. Гарчи шов-шувли хабарлар манзарасида бу янгиликнинг аҳамияти унча сезилмаса-да, келгусида катта ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин. Одатда, архивлар, хусусан, давлат архивлари ўнлаб йиллар махфий сақланади, чунки у тегишли давр тўғрисида ҳаққоний ҳужжатларга муҳрланган ахборотни беради. Ўттиз йил муқаддам ошкоралик даври имконларидан фойдаланиб адиб Набижон Боқий ёзган «Қатлнома» асари адабиёт ва тарихчиликда шов-шув бўлган. Унда атоқли адибимиз Абдулла Қодирийни аслида машҳур шоир-ёзувчилар сотиб бергани ҳужжатларга таяниб ёзилган. Демак, яқин тарихимизга тузатишлар киритилишини кутамиз.
* * *
Ҳафта охирида ўзбек боксчилари катта ғалабалар билан мухлисларини қувонтирди. Бунақаси яқин тарихда бўлмаган. Россияда ўтказилаётган бу йилги жаҳон биринчилигини Ўзбекистон терма жамоаси учта олтин, битта кумуш ва битта бронза медали билан якунлади. Энг кўп – тўртта боксчимиз финалга чиқиб ўзига хос рекорд ўрнатди. Баҳодир Жалолов, Шаҳобиддин Зоиров ва Миразизбек Мирзахалиловлар олтин, Дилшодбек Рўзметов кумуш, Бобоусмон Ботуров бронза медалларга сазовор бўлди. Ғолибларни «Дарё» табриклайди.
Шунингдек, бу ҳафтада Сурхондарёнинг бир неча туманида ҳокимлар алмашди, Фарғона ва Сурхондарё вилоятлари прокурорларини ўзаро алмаштирди. Тўйлар борасида қонунчиларнинг ғаройиб баёнотлари давом этди, бироқ бу янгиликнинг аҳамиятини оз ҳисоблаб, алоҳида тўхталмаймиз. «Дарё»да қолинг, Ўзбекистон ва дунё хабарларидан энг биринчи хабардор бўлинг.
Изоҳ (0)