Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 20-тури доирасида 21 сентябрь, шанба куни 2 та ўйин бўлиб ўтди.
Шота Арвеладзе қўл остидаги Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси сафарда Бекободнинг «Металлург» клубига қарши майдонга тушди.
Учрашувнинг 26-дақиқасида мезбон жамоа ҳимоячиси Аббос Отахонов ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйган бўлса, 77-дақиқага келиб Зоҳид Абдуллаев ҳисобни тенглаштирди (1:1). Орадан 1 дақиқа ўтиб «шерлар» ярим ҳимоячиси Достонбек Ҳамдамов жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди (2:1).
Шу тариқа Тошкент клуби меҳмонда кечган баҳсда «Металлург»ни мағлубиятга учратиб, муддатидан аввал мусобақа чемпионига айланди.
Қайд этиш жоиз, мазкур ғалабадан сўнг мусобақа жадвалида еткачилик қилаётган «Пахтакор» очколари сонини 56 тага етказиб олди. «Металлург» эса 24 очко тўплаган ҳолда 8-ўринда бормоқда.
Шу куни Наманганнинг «Навбаҳор» жамоаси Жиззахнинг «Сўғдиёна»си билан ўйнади.
Ушбу баҳс 0:0 ҳисобида якунланди ва жамоалар 1 очкодан бўлишиб олди.
Маълумот учун, Наманган клуби 26 очко жамғарган ҳолда 7-поғонани банд қилиб турибди. «Сўғдиёна» эса 32 очко билан 3-ўринда бормоқда.
Суперлига
20-тур баҳслари
21 сентябрь, шанба
«Металлург»—«Пахтакор» 1:2
Голлар: 0:1 — 26, автогол Аббос Отахонов, 1:1 — 77 Зоҳид Абдуллаев, 1:2 — 78 Достонбек Ҳамдамов«Сўғдиёна»—«Навбаҳор» 0:0
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)