Россиялик блогер Гусейн Гасанов 15 сентябрь, якшанба куни Тошкентдаги Central park’да ўзбекистонлик мухлислар билан учрашди. Ижтимоий тармоқларда учрашувдан видеолавҳалар тарқалди.

Хусусан, россиялик блогернинг Instagram’даги саҳифасида эълон қилинган сторисларда унинг мухлислар (улар орасида йигитлар кўпчилик) ортидан югураётгани, у билан кўришиш мақсадида, ҳатто ички ишлар ходимларининг қаршилигини ҳам енгиб ўтишга уринаётганини кўриш мумкин.

Гусейн Гасанов Ўзбекистонга ташрифи давомида нафақат Тошкентда, балки Самарқанд ва Қўқонда ҳам бўлган. У айнан нима мақсадда келгани маълум эмас, бироқ айрим манбаларга кўра, у Президентнинг куёви Отабек Умаров таклифига кўра Ўзбекистонга ташриф буюрган.

Жумладан, блогер Instagram’даги сторисларида Отабек Умаров билан бирга тушган суратини ҳам жойлаган. Эътиборга молик томони, сторисларнинг бирида Гасанов гараждан Тошкент шаҳрида рўйхатга олинган оқ рангли Gelandewagen’ни ҳайдаб чиқаётганини кўриш мумкин — машина гаражда Tesla Model S билан ёнма-ён турган эди.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил февралида турк актёри Бурак Ўзчивит Ўзбекистонга келганида унинг ортидан югуриб юрган ўзбекистонлик қизларнинг видео ва суратлари тарқалган ҳамда бу ҳолат танқид остига олинган эди.