Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгаши (Туркий кенгаш)нинг 7-саммитида қатнашиш учун Бокуга боради. Бу ҳақда Кенгаш бош котибининг баёнотида айтилган.

Хабар беришларича, Туркий кенгашнинг Боку саммити 15 октябрга белгиланган. Ўзбекистон Туркий кенгаш саммитида илк бор 2018 йил сентябрида қатнашган эди. Қирғизистоннинг Чўлпон-ота шаҳрида ўтган саммитда Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаган.

Туркий кенгашнинг Чўлпон-ота саммитидан лавҳа.
Фото: Президент матбуот хизмати

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Сенати 14 сентябрь куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашини тузиш тўғрисидаги 2009 йил 3 октябрда имзоланган Нахичеван битимини ратификация қилиш ҳақидаги қонунни маъқуллаган эди.

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши халқаро ҳукуматлараро ташкилот бўлиб, фаолиятининг асоси туркий тилли мамлакатлар ўртасида дўстлик ва қўшничиликни мустаҳкамлаш, ҳудудда ва жаҳонда тинчликни сақлаш, хавфсизлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга қаратилган.

Ҳозирда ушбу тузилмага Озарбайжон, Туркия, Қирғизистон ва Қозоғистон республикалари аъзо ҳисобланади.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Озарбайжонга давлат ташрифи билан бориши режалаштирилаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди. Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон Президенти 2019 йилда 30 дан ортиқ хорижий сафарларга чиқиши айтилган эди.