Ўзбекистонда 2018 йил ҳолатига кўра аҳоли ўртасида умумий тўйиб овқатланмайдиганлар улуши 6,3 фоизни ташкил этади. Бу тахминан 2 миллион киши, дегани. Бу ҳақда Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020—2030 йилларга мўлжалланган стратегияси лойиҳасида маълумот берилган.

Жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган стратегия лойиҳасида таъкидланишича, ўзбекистонликлар орасида тўйиб овқатланмайдиганлар улушини 2021 йилга бориб 5 фоизгача, 2025 йилда 3 фоизгача қисқартириш, 2030 йилга бориб эса озиқ-овқат танқислигига учраган инсонлар улушини батамом тугатиш режалаштирилган.

Аввалроқ қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев аҳоли сувни арзон бўлгани учун исроф қилаётганини таъкидлагани, шунингдек, яқин келажакда ҳокимлардан фермерларга ер бериш ҳуқуқи олиб қўйилишини маълум қилгани ҳақида хабар берилган эди.