Олимлар аллақачон йўқ бўлиб кетган бошқа бир сайёрада шаклланган углеродли минерални аниқлади. Бу ҳақда American Mineralogist журналида мақола чоп этган олимлар Чи Ма ҳамда Алан Рубин маълум қилди.

1951 йилда Австралиянинг энг чекка жанубидаги Виктория провинцияси ҳудудидан метеорит топилган эди. Ўша метеорит ҳозирда маҳаллий музейда сақланади. Метеоритнинг бошланғич вазни 220 грамм атрофида бўлган; бироқ ҳозирда ундан атиги 71 грамм қолган. Шу сабабли музейда бу ноёб метеорит ўта қаттиқ назорат қилинади. 2018 йилдагина унинг жуда кичик бир бўлагини Калифорния университети минералог олимларига беришга рухсат берилган.

Фото: Naked Science

Синчиклаб ўрганиш натижасида олимлар метеорит таркибидан аввал фанга маълум бўлмаган минерални аниқлаган. Унга Гавайи университетида ишловчи олим, космик метеоритларни тадқиқ қилиш бўйича етакчи мутахассис Эдвард Скотт шарафига «эдскоттит» деб ном берилган.

Мутахассисларнинг фикрича, ушбу минерал темир ва углерод атомларининг ўзаро таъсирлашуви натижасида метеоритнинг ўта секинлик билан совиш жараёнида ҳосил бўлган экан. Бунга ўхшаш структуралар пўлат эритиш жараёнида оз миқдорда ҳосил бўлади, бироқ уни тўлақонли равишда минерал деб аташ учун бу етарли асос ҳисобланмас эди. Ушбу намуна эса табиий шароитларда ҳосил бўлгани учун эндиликда уни бемалол минераллар таснифига қўшиш мумкин.

Чи Ма ва Алан Рубин ушбу минерални Қуёш тизими энди-энди шаклланишни бошлаган узоқ ўтмишда, бошқа бир протосайёрада, яъни ҳали тўлақонли сайёра сифатида шаклланиб улгурмаган осмон жисмида ҳосил бўлган деган тўхтамга келган. Эдскоттит ўшанда оғир радиоактив элементларнинг кучли таъсири остида юзага келган юқори ҳарорат туфайли ҳосил бўлган бўлиши мумкин. Бироқ ушбу минерал шакллангандан кейин у ҳосил бўлган осмон жисми бошқа осмон жисмлари билан тўқнашув натижасида парчаланиб, космос бўйлаб метеоритлар кўринишида сочилиб кетган. Уларнинг аксар қисмини бошқа сайёралар, жумладан, Ер ўзига тортиб олиб сингдириб юборган. Яна айрим қисмлари эса Қуёшда бориб ёниб-куйиб кетган. Бироқ кўп сондаги бўлаклар астероидлар белбоғида сақланиб қолган. Ўшалардан айримлари ҳозирги кунда ҳам Ерга метеорит сифатида қулашда давом этмоқда ва Австралиядаги музейдаги бўлак унинг бир қисми экани катта эҳтимол.