Бюджетдан маблағ ажратишдаги узилишлар сабабли Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи ходимларининг август ойи учун тўланиши керак бўлган маошлари кечикмоқда. Бу ҳақда «Дарё»нинг Ёшлар Иттифоқидаги манбаси маълум қилди.
Маълумотларга кўра, 2019 йилнинг иккинчи ярим йиллиги учун Молия вазирлиги томонидан Ёшлар Иттифоқига маблағ ажратилиши кечиккан. Шу сабабли маошлар тўланишида узилишлар бўлмоқда.
Бугунгача Иттифоқнинг фақат Марказий кенгаши ходимлари ойлик маошларини олган. Кенгаш қошидаги 17 та ташкилот ва ҳудудий кенгаш ходимларининг август ойи учун иш ҳақи ҳали берилмаган. Маълумотларга кўра, Иттифоқ тизимида 1,5 минг атрофида ходим ишлайди.
Ёшлар Иттифоқидан «Дарё»га маълум қилишларича, яқин вақт ичида маош учун маблағ ажратилиши кутилмоқда ва «бу узилишлар тез орада бартараф этилади». Маълумот учун, Ёшлар Иттифоқи фаолияти учун ҳар йили давлат бюджетидан 200 миллиард сўм ажратилиши белгиланган.
Аввалроқ Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев лавозимини тарк этгани ҳақида хабар берилган эди. Унинг ўрнини шу пайтга қадар Ёшлар Иттифоқи Марказий Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари лавозимда ишлаб келган Алишер Саъдуллаев эгаллаган эди.