Адлия вазирлигида «Адлия тадбиркорга дўст» лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Мадина Нурман хабар бермоқда.
Ушбу лойиҳа илк маротаба амалга оширилаётган бўлиб, унда тадбиркорларнинг фикрлари ва таклифларини ўрганиш орқали уларнинг фаолиятида юзага келаётган муаммоларини ҳал этиш, тадбиркорларнинг молиявий ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, давлат хизматларини кўрсатиш тизими ҳамда мазкур соҳани тартибга солувчи қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш мақсадида амалга ошириш режалаштирилган.
Лойиҳа доирасида қуйидагилар назарда тутилган:- Лойиҳани амалга ошириш бўйича жойларда 100 дан ортиқ ишчи гуруҳлар ташкил этилади ва 10 мингдан ортиқ тадбиркорлар иштироки қамраб олинади.
- Ҳар бир ҳудуднинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш даражасига баҳо бериш бўйича индикаторлар ишлаб чиқилади ва миллий рейтинглар тузилади.
- Тадбиркорлик фаолиятининг барча жабҳаларини қамраб олувчи advice for business махсус интерактив ҳуқуқий портали яратилади.
- Австралия ва Янги Зеландия давлатларининг тажрибасини ўрганган ҳолда бизнесни юритиш ва рўйхатдан ўтиш босқичлари янада соддалаштирилади.
- Буюк Британия ҳукумати Рўйхатга олиш палатасининг (Companies House) тадбиркорларга давлат хизматларини кўрсатиш бўйича, бизнесни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича Янги Зеландия тажрибаси ўрганилади ва амалиётга жорий қилинади.
- Ер участкаларини аукционга чиқариш билан боғлиқ жараёнлар мониторинг қилиб борилади.
- Барча давлат органларини тадбиркорларни қўллаб қувватлашга чорлаш мақсадида «Сен тадбиркор учун нима қилдинг?» акцияси ўтказилади.
- «Тадбиркор фаолиятига аралашма» шиори остида ижтимоий тармоқларда ва аҳоли орасида адлия сайллари, тадбирлари ўтказилади.
- Тадбиркорларни ноқонуний ҳомийликка жалб қилиш ҳолатларини аниқлаш бўйича жойларда акциялар ўтказилади.
- Акциялар доирасида ижтимоий тармоқларда сўровлар ўтказилади ва жамоатчилик фикри ўрганилади.
- Катта нуфузга эга бизнес вакиллари (мотивацион маърузачилар)ни таклиф қилган ҳолда семинар-тренинглар, мастер класслар ташкил этилади.
- Ҳудудларда тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этиш бўйича сайёр қабуллар ва учрашувлар ташкил этилади.
- «Жамоатчилик» онлайн платформасига («www.jamoatchilik.uz») келиб тушган тадбиркорларнинг фикри ва таклифлари асосида Президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Лойиҳа доирасида амалга оширилган ишлар ҳақида доимий равишда ваколатли органлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида учрашувлар ташкил этилиши ва муаммолар юзасидан очиқ муҳокамалар ўтказиб борилиши режалаштирилган.