Испанияда дам олиш вақтида «Америка тепаликлари» аттракционида учишга қарор қилган янги зеландиялик Семюэл Кемпф исмли спортчи катта тезликда тушаётган телефонни ушлаб қолди, деб хабар беради Meduza.

Фото: Getty Images

Семюэл Кемпф «PortAventura» паркидаги энг қўрқинчли аттракционлардан бирини танлаган — ичида йўловчилари бўлган вагончалар соатига 134 километр тезликда ҳаракатланади. Кўплаб туристлар бунақа тезликда ўзини бошқара олмай қолиб, бақиради, фақат Кемпф эмас.

Аттракционда учиш вақтида спортчи ўзидан бир неча қатор олдинда ўтирган эркак телефонини тушириб юборганини пайқаб қолган. Кемпф қўлини олдинга чўзиб, катта тезликда тушаётган телефонни шунчаки ушлаб қолган.

Кемпфнинг ушбу ҳаракати вагончаларга ўрнатилган камера ёрдамида ёзиб олинган. Телефон эгаси хурсандлигидан Кемпфни қучоқлаб ҳам олган.

Кемпф профессионал равишда фистбол билан шуғулланади. Бу жамоавий спорт тури бўлиб, иштирокчилар қўл зарбаси орқали тўпни рақиб майдонига улоқтиради.