30 август куни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида АҚШ элчиси Даниэль Розенблум билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик сайтида маълум қилинди.
Вазир Иномжон Мажидов ва Даниэль Розенблум замонавий таълим йўналишларида малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида келгусида олий таълим соҳасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
«Сўнгги вақтларда Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари тўқимачилик ва кимё саноати, фармацевтика, архитектура ва қурилиш, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, машинасозлик, энергетика ва бошқа шу каби техника ва муҳандислик фанлари соҳасида халқаро ҳамкорлик қилишга катта эътибор қаратмоқда. Биз АҚШ билан бу йўналишларда Тошкентда АҚШ университетлари филиалини ташкил қилиш ёки кадрлар тайёрлаш бўйича қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш бўйича ҳамкорлик қилишга доим тайёрмиз», – деди учрашувда Иномжон Мажидов.
Элчи америкалик мутахассисларнинг ўзбек олий таълим муассасаларида инглиз тили фанини ўқитиш методикасини такомиллаштириш, ўқув режа ва дастурларни тузиш, қолаверса, икки давлат ўртасида академик мобиллик дастурларини йўлга қўйишга қўшаётган ҳиссасини эътироф этди.
Шу билан бирга истиқболда малакали кадрлар тайёрлашда ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришда ҳали жуда катта имкониятлар борлигини айтиб ўтди.
Изоҳ (0)