Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг 2019 йил 27 августдаги ҳал қилув қарори билан Нурхон Нафасовнинг Нурмуҳумбет Иминов ва бошқаларга нисбатан йиғилиш баённомаси ва қарорини, лавозимдан озод қилиш ҳақидаги буйруқни бекор қилиш тўғрисидаги даъво аризаси қаноатлантирилди. Бу ҳақда Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди «Дарё»га маълум қилди.
Ўзбекистон каратэ миллий федерациясининг 2018 йил 26 сентябрдаги йиғилиш баённомаси ва қарори ҳақиқий эмас деб, Нурхон Нафасовни Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси президенти лавозимидан ишдан бўшатиш тўғрисидаги 2018 йил 27 сентябрдаги буйруқ эса ғайриқонуний деб топилган.
Ўзбекистон каратэ миллий федерациясининг Нурхон Нафасовга нисбатан федерациянинг 2018 йил 16 майдаги конференция қарори ва 2018 йил 7 сентябрдаги лавозимга тайинлаш тўғрисидаги буйруғини ноқонуний деб топиш ҳақидаги қарши даъвоси қаноатлантиришдан рад этилган.
«Тарафларга суд қарорига нисбатан чиқарилган кунидан бошлаб 20 кун ичида апелляция шикояти ёки апелляция тартибида кўрилмаган ва қарор қонуний кучга кирган кундан эътиборан 6 ой ичида кассация тартибида шикоят бериш мумкинлиги тушунтирилган», — дейилади суд ахборотида.
Эслатиб ўтамиз, Нурхон Нафасовнинг Ўзбекистон каратэ миллий федерациясидаги фаолиятига қарши чиқишлар 2018 йил кузида бошланган эди. Кейинчалик Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси томонидан Нурхон Нафасов ҳақида тегишли органлар томонидан тасдиқланмаган, асоссиз хабарлар тарқатилган эди.
Қайд этиш жоиз, Нурхон Нафасов 2018 йил май ойида — 12 йиллик танаффусдан сўнг яна Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси раҳбарига айланган эди.
Изоҳ (0)