Бу ғалати ғоя қаердан чиқди ўзи? Axios порталида эълон қилинган мақолага ишонадиган бўлсак, қуюн ёпирилиши муаммосини шундай усулда ҳал қилиш ҳақидаги таклифни АҚШ президенти Дональд Трамп берган эмиш. Аниқроқ айтадиган бўлсак, у қуюнларни мамлакатнинг Атлантика соҳилларига етиб келишидан аввалроқ, ядро бомбаси ташлаш орқали йўқ қилиш таклифини киритган.
Таъкидлаш жоизки, бу ғоя аслида 1960-йиллардан бери мавжуд бўлиб, назарияга кўра, қуюн ҳосил қилган уюрма ўртасига ядро бомбаси ташланса, унда қуюндан тепароқдаги ҳаво қатлами қизиши натижасида, конвекцион оқимлар издан чиқиб, қуюн ўз-ўзидан тўхтайди деган фикр мавжуд.
Бироқ бу янглиш фикр ва башарти шундай қилган тақдирда ҳам, ҳеч қандай натижа бўлмайди. Бунинг сабаби эса қуюн эга бўладиган улкан энергия миқдори билан боғлиқ эканлигини АҚШ океанография ва атмосфера тадқиқотлари Миллий институтида ишлаган, ҳозирда метеоролог бўлиб фаолият олиб бораётган олим Крис Лендсли таъкидлаган.
Моҳиятан, қуюн бу – бутун мамлакат катталигига тенг ўлчамли жуда кучли двигатель бўлиб, океандан иссиқликни кўтариб, атмосфера бўйлаб ёйиб чиқади. Қуюннинг энг босими паст қисми океан сатҳи бўйлаб ҳаракатланганда, сув кучли буғланиб, атмосферага чиққач конденсацияланади. Натижада унинг иссиқлик ҳарорати атрофдаги ҳаво муҳитига тарқалади. Бундан ҳосил бўлган энергиянинг тахминан 1 фоизи шамолга айланади, қолгани эса иссиқлик кўринишида қолади.
Қуюн исталган вақт моментида 50 тераватт қувватга эга бўлиши мумкин. Бу дегани, 10 мегатонналик ядро бомбасидан ҳар 20 дақиқада биттадан портлатиб туриш демакдир. Қуюнни ядро бомбаси орқали тўхтатишга уриниш, худди машинани пат билан тўхтатишга уриниш билан тенг. Боз устига, агар мабодо иш чаппасига кетадиган бўлса, унда бомба ташлаб, қуюнни янада шиддатлироқ қилиб қўйиш мумкин.
Бомба ташлаш орқали майда қуюнчаларни тўхтатиш мумкиндир эҳтимол. Лекин гап шундаки, қуюннинг қачон ва қаерда пайдо бўлишини ҳеч ким олдиндан айта олмайди, қуюнлар жуда кўп содир бўлади ва улардан қайси бири вайронкор куч билан қирғоққа ёпирилишини ҳам билиб бўлмайди.
Ваниҳоят, қуюнга атом бомбаси ташлашнинг ижобий ва салбий самараси муҳокамасидан кўра, бу борада аниқ айтса бўладиган ягона гап шуки, атом бомбасини ташлаш натижасида, ўша қуюн радиоактив қуюнга айланади ва бу оддий қуюндан ҳам юз чандон ёмонроқдир. Шунга кўра, барибир, қуюн оқибатларидан ҳимояланишнинг энг яхши усули ўша-ўша эски усул - «олдиндан тайёргарлик кўриш» бўлиб қолмоқда.
Изоҳ (0)