Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги штаби Ситуацион марказида Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов раҳбарлигида Президентнинг 2018 йил 4 август кунидаги «Ўзбекистон Республикаси қуролли кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан йиллик ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.
Таҳлилий ва танқидий руҳда ўтган йиғилишда масъул офицерлар, шаҳар, вилоят ва туман ҳокимлари ўринбосарлари ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Дастлаб йиғилишда Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари полковник Улуғбек Дўстматов «Ватан — муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!» консептуал ғоя асосида олиб борилаётган амалий ишлар, қарорнинг мазмун-моҳияти, мақсади ва ортда қолган бир йил давомида эришилган натижалар юзасидан ҳисоботи тингланди.
Ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-маърифий савиясини оширишда ҳарбий қисмларда ташкил этилаётган тадбирлар, кўрик-танлов, мусобақа, давра суҳбатлари ва кўргазмали машғулотлар юқори самара бераётгани таъкидланди. Ҳарбий қисмлардаги психологларнинг ўрни ва роли ҳақида тўхталиб ўтилди.
Йиғилишда ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ бўлган муаммоларга эътибор қаратилди.
Тадбир сўнгида иштирокчилар ҳарбий қисмда ҳарбий хизматчилар учун яратилган қулай шарт-шароитлар, электрон ва бадиий кутубхона, панарамали мажмуавий отиш тренажёри, аскарлар ошхонаси билан яқиндан танишди.
Изоҳ (0)