27 август куни UNESCO бош директори Одри Азуле Бухорода бўлди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
UNESCOнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган Бухоро шаҳрида умумбашарий қийматга эга турли даврларга мансуб 300 дан ортиқ меъморий ёдгорлик жойлашган.
Мамлакатда меҳмон бўлиб турган БМТнинг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (UNESCO) бош директори Одри Азуле Бухоро шаҳрига ташриф буюриб, ушбу осори-атиқалар билан танишди.
Нуфузли ташкилот раҳбари Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ва Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев ҳамроҳлигида кўҳна Арк қалъасини томоша қилди. Бу ерда жойлашган Бухоро давлат музей-қўриқхонасидаги ўзбек халқининг бой тарихидан гувоҳлик берувчи экспонатлар юқори мартабали меҳмонда катта қизиқиш уйғотди.
Одри Азуле Исмоил Сомоний мақбараси, Минораи Калон, Мир Араб мадрасаси ва Масжиди Калон ёдгорликларини ўз ичига олган Пойи Калон мажмуаси ҳамда Мирзо Улуғбек мадрасасини ҳам томоша қилди.
Қадимий Бухоро ҳунармандлиги билан ҳам жаҳонга машҳур. UNESCO бош директори шаҳарнинг диққатга сазовор масканлари билан танишув чоғида ҳунармандлик намуналарига катта қизиқиш билдирди.
Бухоро азалдан шариф шаҳар, диний бағрикенглик қарор топган кент сифатида ҳам улуғланади. Бугунги кунда вилоятда 10 га яқин диний конфессия фаолият юритмоқда. UNESCO бош директори 400 йиллик тарихга эга яҳудийлар синагогасига ташриф буюрди. Яҳудийларнинг эътиқод қилиши ва диний амалларни адо этиши учун барча шароит яратилгани меҳмонда катта таассурот қолдирди.
Изоҳ (0)