Президент Шавкат Мирзиёев «Шарқ тароналари» халқаро фестивалини ёритиш учун келган маҳаллий ва хорижий блогерлар билан суҳбатлашди.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Кейинги йилларда Ўзбекистон дунёга очилмоқда ва халқаро ҳамжамиятга ҳақиқатни етказишга интилиш бор. Энг муҳими, муҳокама қилиш, танқид қилиш мумкин», — деди давлат раҳбари.

Мамлакатдаги ислоҳотларни, маданият, тарихий обидаларни бутун дунёга тараннум этишда блогерларнинг ўрни катта эканини таъкидлади.

«Сизларни жонажон Ўзбекистонимизда, қадимий цивилизация маркази Самарқандда кўриб турганимдан жуда хурсандман. Бугун биз Ўзбекистоннинг янги тарихини яратяпмиз. Мақсадимиз — халқимизга хизмат қилиш, одамларни рози қилиш ва келажакка ишонч билан қарашини таъминлаш. Бунга сизлар ҳам ҳисса қўшасизлар деб ишонаман», — деди Президент.

«Орангизда ўзимизнинг қоракўзларимизни кўриб турибман. Бу менга ифтихор бағишлайди. Билингки, Президент сизларни доим қўллаб-қувватлайди», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Мулоқот сўнгида Президент блогерлар билан суратга тушди, уларнинг фаолиятига муваффақиятлар тилади.