25 август, якшанба куни футбол бўйича Россия чемпионатининг 7-турида Валерий Каприн бошқарувидаги «Ростов» клуби ўз майдонида «Рубин»ни қабул қилди.

Фото: Twitter

Беллашувнинг 15-дақиқасида меҳмон жамоа ҳужумчиси Евгений Марков ҳисобни очди (1:0). 29-дақиқада эса Ўзбекистон терма жамоаси ҳамда «Ростов» ҳужумчиси Элдор Шомуродов ҳисобни тенглаштирди (1:1). Ўйиннинг асосий вақти тугашига 3 дақиқа қолганда мезбон жамоа ярим ҳимоячиси Александр Саплинов жамоасининг ғалабали голига муаллифлик қилди (2:1).

Мазкур ўйиндан сўнг «Ростов» очколари сонини 14 тага етказиб олди ва мусобақа жадвалида 3-ўринда бормоқда.

Қайд этиш жоиз, жорий мавсум Шомуродовнинг голлари сони 5 тага етди. Элдор бундан ташқари битта голли узатма беришга ҳам эришган.

РПЛ

7-тур баҳси

25 август, якшанба

«Ростов»—«Рубин» 2:1

Голлар: 0:1 — 15 Марков, 1:1 — 29 Шомуродов, 2:1 — 87 Саплинов

«Ростов»: Бабурин, Чернов, Козлов, Чистяков, Сигурдссон, Еременко, Саплинов (Долгов, 90), Глебов (Зуев, 76), Ионов (Логашов, 90), Норманн, Шомуродов

«Рубин»: Дюпин, Плиев, Данченко, Сорокин, Степанов, Башкиров (Зокиров, 88), Подберезкин (Кварасхелия, 44), Коновалов, Давиташвили, Микелтадзе (Макаров, 89), Марков

Огоҳлантириш: Шомуродов (90)

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!