Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ходимлари ва ҳудуд аҳолисининг фарзандлари учун мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ходимлари ва ҳудуд аҳолисининг фарзандлари учун давлат мактабгача таълим муассасаларини рўйхат асосида қуриш ва капитал таъмирлаш тўғрисидаги таклифи маъқулланиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Мактабгача таълим вазирлиги билан биргаликда 2020 йилнинг 1 январига қадар ушбу қарор иловасининг 1-бандида, 2020 йилнинг 1 июнига қадар 2-бандида кўрсатилган мактабгача таълим муассасаларининг фаолиятини йўлга қўйиш чораларини кўради.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги:
— Ички ишлар вазирлиги билан келишилган ҳолда ушбу қарор иловасининг 1-бандида кўрсатилган объектнинг Яшнобод тумани мактабгача таълим бўлимига беғараз муддатсиз фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилади;
— ушбу қарор иловасининг 2-бандида кўрсатилган ер майдонини Шайхонтоҳур тумани мактабгача таълим бўлимига ажратади.
Белгиланишича:
— ташкил этиладиган мактабгача таълим муассасалари учун умумий квотанинг 80 фоизи Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ходимларининг фарзандлари учун ҳамда 20 фоизи ҳудуд аҳолисининг фарзандлари учун ажратилади;
— Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ходимларининг фарзандларини мактабгача таълим муассасаларига жойлаштириш Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси Кадрлар бошқармасига ариза бериш йўли билан йўлланма орқали, ҳудуд аҳолисининг фарзандларини мактабгача таълим муассасаларига жойлаштириш Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 мартдаги 244-сон қарори билан тасдиқланган Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига мувофиқ амалга оширилади;
— мазкур қарорнинг иловасида кўрсатилган мактабгача таълим муассасаларини қуриш ва капитал таъмирлаш ҳомийлик маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан, шунингдек ичимлик суви ва оқава сув ташқи муҳандислик тармоқларини кўчириш ҳамда қуриш, объектларнинг атроф ҳудудини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари Тошкент шаҳрининг маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги лойиҳани амалга ошириш доирасида белгиланган тартибда лойиҳа-смета ҳужжатлари давлат экспертизасидан ўтказилишини, шунингдек қурилиш-монтаж ишларини бажариш сифати устидан лозим даражада давлат архитектура-қурилиш назорати ўрнатилишини таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги янги ташкил этилаётган мактабгача таълим муассасаларини малакали мутахассис ва педагог кадрлар билан жамлаш чоралари кўрилади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида «Таълим» соҳасига ажратилган маблағлар доирасида мактабгача таълим муассасалари таъминоти учун зарур маблағларни назарда тутади.
Изоҳ: Агар Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ходимларининг фарзандлари мактабгача таълим муассасаларининг ўринлар сонининг 80 фоизигача қамраб олмаган тақдирда, Мактабгача таълим муассасаси Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 мартдаги 244-сон қарори билан тасдиқланган маъмурий регламентга асосан истисно тариқасида қабул қилинишига рухсат берилади.