Марказий ҳарбий округдаги «Каттақўрғон» полигонида сапёр мутахассислар учун амалиёт ҳафталиги ўтказилмоқда. Бу ҳақда «Дарё»га Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати маълум қилди.
Машғулотлар давомида сапёрлар мина майдондан йўл очиш, кўприк ҳосил қилиш, муҳандислик разведка ишларини олиб бориш, амалий портлатиш ҳамда муҳандислик машиналарининг тавсифи ва уларни бошқариш бўйича амалий кўникмаларга эга бўлмоқда.
Ўқув йиғинда ёш сапёрлар малакали мутахассисларга бириктирилиб, устоз-шогирд анъаналари йўлга қўйилди.
«Сапёр бир маротаба адашади, деган нақл бор. Хавфли миналарни зарарсизлантиришдаги биргина хато катта хавфни юзага келтиради, мина майдонида ҳаракатланиб ҳарбий техника ва бўлинмалар учун йўл очиш эса янада хавфли вазифа, — дейди ўқув йиғин раҳбари майор Санжар Йўлдошев. — Кучли билим ва катта тажрибага эга бўлган сапёр ўзи қатори минглаб инсонлар ҳаётини қутқариб қолади. Амалиёт ҳафталиги эса муҳандислик қўшинлари мутахассисларининг малакаларини оширишда қўл келяпти».
Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда муҳандислик қўшинлари мутахассислари Қуролли Кучлар академияси Муҳандислик тайёргарлик кафедрасида 4 йиллик ҳарбий таълим ҳамда қисқа муддатли қайта тайёрлаш курсларида ўқитилади. Шу билан бирга Халқаро ҳамкорлик доирасида чет эл ҳарбий таълим муассасаларида малака ошириш учун юборилади.
Изоҳ (0)